Яшаш жойига эга бўлмаган шахслар вақтинчалик бошпана билан таъминланади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги қарори билан “Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказига жойлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламент муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказига жойлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Унга кўра, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда маҳаллада комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ижтимоий ходимлар томонидан кўча, вокзал, бозор, ер ости йўлаклари, яшаш учун мўлжалланмаган бинолар ва бошқа жамоат жойларида мунтазам равишда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар аниқланади ҳамда уларга марказ хизматларидан фойдаланиш таклиф этилади.
Вояга етган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс жойлашиш учун марказга бевосита мурожаат қилади.
Бунда вояга етган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг вояга етмаган фарзандлари мавжуд бўлса, улар ушбу шахс билан биргаликда жойлаштирилади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт муассасаларининг шошилинч қабул бўлимлари томонидан улар олиб келинган вақтда тиббий кўрикдан ўтказилади.
Мазкур тиббий кўрикда шахсда марказга жойлаштиришга монелик қилувчи шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамга муҳтожлик ҳолатлари ҳамда юқумли касалликлар мавжуд бўлмаган тақдирда қабул қилинади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс томонидан сўровномани тўлдириш учун маълумотларнинг тақдим этилиши, унинг марказга жойлаштириш, ички тартиб-қоидаларига амал қилишга розилигини билдиради.
Сўровнома шакллантирилганидан сўнг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс марказга 7 кунга жойлаштирилади.
Айрим белгиланган ҳолатларда марказда қолиш муддати 6 ойга узайтирилиши мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА