Янгийўллик сайловчилар билан учрашув
Маълумки, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг янги Сайловолди дастурида мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари малакасини ошириш, болажонларни қадриятларимиз руҳида тарбиялаш бўйича ҳам бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган.
Чунки, Янги Ўзбекистон ислоҳотлари даврида тарбиянинг ўрни сезиларли даражада ошиб, тизим такомиллашиб бораётган бўлсада, муаммолар ҳам мавжуд. Шуни эътиборга олиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодларнинг янгийўллик сайловчилар билан учрашуви тумандаги “Аҳил” маҳалласида жойлашган боғча фаолияти билан танишишдан бошланди.

Номзодлар боғча шарт-шароитлари билан танишди, тарбиячилар билан дилдан суҳбатлашди. Соҳани ривожлантириш бўйича дастурда илгари сурилган таклифлар ҳақида маълумотлар берилди.
Ҳозирда, айрим боғчаларда олий маълумотли мутахассислар етарли эмас. Борларининг ҳам малакаси бугунги талабларга жавоб бермайди. Айрим боғчалар ҳамон шунчаки болаларни “мажбуран ушлаб туриш” маскани сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бу борадаги муаммоларни тизимли ҳал қилиш давр талабидир.

Партия вакиллари тумандаги 5-сонли Санъат ва мусиқа мактабида янгийўллик сайловчилар билан учрашди. Унда Партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров сўзга чиқиб, бундай учрашувлардан кўзланган асосий мақсад сайловчиларни партия ғоя ва мақсадлари билан кенг таништириш, уларнинг хайрихоҳлигини кўпайтириш эканини таъкидлади.
Ҳозир барча ҳаракатлар Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган давлатлар қаторига қўшиш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлаш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга йўналтирилган, инсон қадри устувор бўлган халқпарвар жамиятни барпо этишга қаратилган. Шу маънода, “Миллий тикланиш” демократик партияси тараққий этган барча давлатлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва бу орқали иқтисодиётни ривожлантириш тарафдори.

– Биз технологик, таълимдаги, иқтисодиёт ва барча соҳадаги ривожланишни қўллаб-қувватлаймиз, лекин буларнинг бирортаси қадриятларимизга зид бўлмаслиги керак, – деди Алишер Қодиров. – Биз ўзлигимизни йўқотиб ривожлана олмаймиз.
Учрашувда депутатликка номзодлар ҳам сўзга чиқиб, партия ва ўзларининг сайловолди дастуридаги энг муҳим жиҳатлар ҳақида маълумотлар берди ва бўлажак сайловларда “Миллий тикланиш” ва унинг номзодларига овоз беришга чақирди.

А.Мусаев,ЎзА.