Янгиҳаётда аҳолига янги қулайликларни тақдим этадиган суд биноси фойдаланишга топширилди
2025 йил 21 августда давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган.
Фармон билан 2030 йилга қадар суд биноларини мамлакатнинг нуфузи ва одил судловни амалга ошириш вазифаларига мос, қулай, хавфсиз ва замон талабларига жавоб берадиган намуна асосида бунёд этиш бўйича аниқ манзилли дастур қабул қилинди.
Дастур асосида 2030 йил якунига қадар 162 янги суд биноси қурилади, 82 суд биноси қайта реконструкция қилинади ва 32 суд биноси мукаммал таъмирланади.

Суд бинолари нафақат замонавий тежамкор лойиҳалар асосида, балки халқаро талаблар асосида тўлиқ рақамлашган ҳолда фаолият кўрсатади.
Бундан кўзланган мақсад аҳолига қулайлик яратиш. Бунёд этилаётган суд бинолари замонавийлиги, рақамли технологиялар билан таъминланаётгани халқимизга шундай имкониятни тақдим этаётир.
Бу борада яна бир қадам қўйилди – Тошкентда Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани судининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур суд биноси энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган бўлиб, бу, авваламбор, суднинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, суд биносига келган ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда адолат борлигига ишонч ҳосил қилиб кетиши керак.
Н.Абдураимова,
ЎзА