Истиқболли ғоялар, инновацион ёндашув ва илмий изланишлар майдонига айланган Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида талабалар ва аёл профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилган илмий ва стартап лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова, тадбиркор аёллар, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда тижорат банкларининг вакиллари иштирок этди. Улар ёшлар ва аёллар томонидан яратилаётган инновацион ғоялар билан яқиндан танишиб, бу лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш борасида ўз фикр- таклифларини билдирди.

Учрашув институт қошидаги технопаркда ўтказилди. Кўргазмада тақдим этилган қишлоқ хўжалиги, кимё, биотехнология, қайта тикланувчи ресурслардан фойдаланиш ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳалар, айниқса, аёллар ва талаба-қизлар иштирокидаги ишланмалар алоҳида эътиборга сазовор бўлди.

– Лойиҳамизга кўра, табиий мевалар ва табиий қўшимчалардан фойдаланган ҳолда, ҳеч қандай бўёқлар ва консервантлар қўшмасдан, қуруқ кукундан иборат маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Бу экологик жиҳатдан ниҳоятда фойдали, инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлиб, бозорда рақобатбардош маҳсулот ҳисобланади. Бугунги тадбирда ушбу ғояга жиддий эътибор қаратилгани мен учун катта рағбат бўлди, – дейди биотехнология йўналиши бўйича таҳсил олаётган 3-босқич талабаси Марғуба Каримқулова.

– Ёшларимизда улкан салоҳият бор. Улар яратаётган лойиҳалар ҳаётга яқин ва амалий аҳамиятга эга. Биз катталар, уларни тўғри йўналтиришимиз, иқтисодий майдонга олиб чиқишимиз зарур. Бу борада ҳамкорликдаги ҳаракатлар ўз самарасини беради дея ўйлайман, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова.


Тадбир якунида меҳмонлар томонидан тақдим этилган лойиҳаларни тижоратлаштириш, амалиётга жорий этиш, грантлар ажратиш ва инфраструктуравий кўмак кўрсатиш бўйича аниқ тавсиялар берилди. Шунингдек, бу каби тадбирларни муттасил равишда ташкил этиш, ёшларнинг илм ва тадбиркорликдаги ҳаракатларини янада рағбатлантириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида ўтказилган бу каби тадбирлар ёш авлоднинг илмий салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим қадам бўлиб, уларнинг келажакда рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланишига кенг йўл очади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири