Янги, замонавий автобуслар эл хизматида
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида аҳолининг кундалик ҳаракатланишини енгиллаштириш ва экологик барқарор жамоат транспортини таъминлаш мақсадида шаҳар транспорт парки замонавий ва экологик тоза автобуслар билан янгиланди.
Бу ишлар Давлат раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси сифатида амалга оширилмоқда. Ушбу қарор доирасида аҳолига қулай, хавфсиз ва самарали транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида “Гулистон Inter Futbol” МЧЖ шаҳарга қўшимча 9 метрли 52 дона YUTON русумли автобуслар олиб келди. Янги автобуслар 7 та йўналиш бўйлаб хизмат кўрсатади ва бу хизмат сифатини сезиларли даражада яхшилаш имконини беради.

YUTON автобуслари экологик жиҳатдан тоза, энергияни кам талаб қилади, шунингдек, қулай ва хавфсиз бўлиб, шаҳар йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди. Янги автобусларнинг жорий этилиши йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўловчилар оқимини самарали тақсимлаш ва атроф-муҳитга зарарли моддалар чиқарилишини камайтириши билан аҳамиятлидир. Шу орқали Гулистонда жамоат транспорти ҳаракат таркиби тўлиқ модернизация қилинди ва иқтисодий ҳамда экологик барқарор транспорт тизими яратилди.


– Биз учун асосий мақсад — гулистонликларни хавфсиз, қулай ва экологик тоза жамоат транспорти билан таъминлаш. Янгиланган парк нафақат хизмат сифатини оширади, балки шаҳар иқлимини муҳофаза қилишга ҳам ҳисса қўшади. Олиб келинган YUTON автобуслари замонавий ва ҳар куни минглаб йўловчиларга хизмат қилишга тайёр. Бу ишларимизни давом эттириб, хизмат сифатини янада юқори босқичга олиб чиқишни режалаштирганмиз. Ҳозирги кунда шаҳар йўналишларига жорий этилган 52 та автобус ҳисобидан 120 та янги иш ўрни яратдик. Бу нафақат жамоат транспорти сифатини оширди, балки аҳоли бандлигига ҳам ҳисса қўшди. Келгусида вилоятлар аро қатновни йўлга қўйиш мақсадида 11 метрлик, узоқ масофага мўлжалланган яна 30 та автобус олиб келишни режалаштирганмиз. Бу лойиҳа амалга оширилса, иш ўринларимиз сони 150 тадан ортиқ бўлади, – дейди Гулистон Inter Futbol” МЧЖ раҳбари Дантес Устажалилов.


Янги автобуслар нафақат шаҳар транспорт тизимини модернизация қилишга, балки хизматларнинг географиясини кенгайтиришга ҳам имконият яратади. Навбатдаги босқичда шаҳар ва вилоятлар ўртасида қулай, хавфсиз ва экологик тоза қатнов тизими йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири