Янги қонун: миграция, ижтимоий солиқ, лицензиялаш каби соҳаларда янгиликлар жорий этилди
2026 йил 7 февралда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлашга тўсқинлик қилувчи, коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлувчи айрим нормалар янгича ёндашув ва талаблар асосида қайта кўриб чиқилди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунда лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирганлик ва ўзгартирганлик учун давлат божи ундирилиши белгиланган.
Ушбу норманинг бир хил талқин қилинишини таъминлаш мақсадида “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирганлик ва уни ўзгартирганлик учун давлат божини ундириш ҳақида қўшимча киритилди.
Маълумот сифатида айтиб ўтиш керакки, 2024 йилда 1 минг 14 лицензиянинг амал қилиш муддати узайтирилган ва 2 минг 683 лицензия ўзгартирилган.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда жамиятнинг бошқа акциядорлари томонидан сотилаётган акцияларни учинчи шахсга таклиф этилаётган нарх бўйича ва шартлар асосида акциядорлар ёки жамият имтиёзли ҳуқуқ асосида (тўғридан-тўғри) сотиб олиши мумкинлиги белгиланган.
“Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунга ҳам ушбу ўзгартириш киритилиб, номувофиқлик бартараф этилди.
“Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунга ҳам қўшимча киритилди. Унга кўра, эндиликда меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадларини олиб келишни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунда мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш Вазирлар Маҳкамасининг ваколати сифатида, “Таълим тўғрисида”ги қонунда эса давлат таълим стандартлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланиши қайд этилган.
Мазкур номувофиқлик бартараф қилиниб, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунда мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш Вазирлар Маҳкамасининг ваколатидан чиқарилиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ваколатига ўтказилди.
Солиқ кодексида ўзини ўзи банд қилган шахсларга пенсия тўланиши учун меҳнат стажини ҳисоблашга Базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) камида бир баравари миқдорида, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунда эса ушбу миқдор БҲМнинг ярим бараваридан кам бўлмаган миқдорда этиб белгиланган.
Қонун билан ижтимоий солиқ миқдори бирхиллаштирилиб, БҲМнинг бир баравари этиб ўзгартирилди.
Солиқ кодексига йиғимларни белгилаш қонунчилик ҳужжатларида эмас, фақат Солиқ кодекси ва қонунларда белгиланиши нормаси киритилди.
Қонун айрим соҳаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришга, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА