Янги поликлиника аҳоли хизматида
Бухоро вилояти Жондор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 16-сон оилавий поликлиникасининг янгидан бунёд этилган биноси фойдаланишга топширилди. Тантанали тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, бирлашма мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари қатнашди.
Тадбирда бугунги кунда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, тармоқдаги ислоҳотлар ва янги оилавий поликлиникалар ташкил қилиш ва унга тор соҳа мутахассислари таркибини мувофиқлаштириш хусусида сўз борди. Қайд этилганидек, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, энг аввало, қуйи тизимдан бошланмас экан, аҳоли орасида саломатликни сақлаш, тиббий хизмат сифатини замон талаблари асосида такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар кутилган натижани бермаслиги кундай равшан. Шу маънода ҳатто, олис қишлоқ жойларида ҳам тўғри ташхис қўйиш ва даволаш имкониятига, салоҳиятли кадрларга эга тиббиёт масканлари бўлмоғи ҳаётий зарурат.

“Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган янги бино 26 та хонадан иборат бўлиб, УЗД, лаборатория, эмлаш, ЭКГ, физиотерапия, стоматология, акушер-гинеколог, кундузги шифохона, патронаж ҳамшира, УАШ ва бошқа тор соҳа хоналаридан ташкил топган. Қисқа айтганда бино халқаро стандартларга тўла мос келадиган ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган. Кенг хоналар, аҳоли учун қулай кутиш залларига эга. Бинода ички дорихона фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бинонинг қурилиш ишларига 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланган. 141 миллион сўмлик мебель ҳамда 350 миллион сўмлик тиббиёт ускуналари харид қилинган.

Рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Мазкур поликлиника “Тобагар”, “Нурафшон”, “Оғар” ва “Чорзона” маҳаллалари ҳудудидаги 11 минг 675 та оилага хизмат кўрсатади.

Маълумот учун, шу вақтгача тиббиёт ходимлари 1988 йилда ҳашар йўли билан бунёд этилган эски бинода аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган эди.
Зариф Комилов, ЎзА