“Янги Ўзбекистон ёшлари - 2030” стратегиясининг тақдимоти ўтказилди
Ёшлар ижод саройида мамлакатимиз ёшлар сиёсатидаги мутлақо янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳужжат - “Янги Ўзбекистон ёшлари - 2030” стратегияси тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда махсус стратегия майдонлари ташкил этилиб, иштирокчилар йирик лойиҳалар ва имкониятлар билан таништирилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “TOP-100 kitobxon” танловининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Танлов ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда йил давомида энг кўп китоб ўқиган 100 нафар билимдон ёшни аниқлаб, уларни муносиб рағбатлантириш мақсадида йўлга қўйилган.
[gallery-28936]
Шунингдек, волонтёрлик ва халқаро ҳамкорлик лойиҳалари бўйича махсус тақдимотлар, тадбиркорлик, бандлик ва замонавий касблар ҳамда ёшлар стартаплари намойиши ўтказилди. Иштирокчилар хорижий тиллар ва ўқув марказлари ҳамда ёшлар ягона электрон платформаси фаолияти билан таништирилди.
“Янги Ўзбекистон ёшлари-2030” стратегиясига бағишланган тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан ушбу стратегиянинг мақсади ва мазмун-моҳияти ҳусусида тушунчалар берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида соҳага масъуллар, жумладан, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда “1000 kitob”, “Thompson school”, “Qizlar akademiyasi” ва “Butunjahon yoshlar ofisi” каби йирик ва муваффақиятли лойиҳа раҳбарлари иштирокида махсус сессиялар бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси бу мамлакатимизда ёшларга оид қабул қилинаётган биринчи яхлит стратегия бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА