Янги Ўзбекистон тажрибаси – араб дунёси эътиборида
Мисрнинг нуфузли “Ал-Сиёсий” электрон нашрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Алоуддин Неъматовнинг “Ўзбекистоннинг жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасидаги янги стратегияси” номли таҳлилий мақоласи чоп этилди.
Мақолада XXI асрнинг биринчи чорагида дунёда жадал технологик ва илмий тараққиёт билан бирга, мафкуравий таҳдидлар, маънавий инқирозлар ва мутаассиблик кайфиятининг авж олиши ҳам кузатилаётгани таъкидланади. Муаллиф жамиятда юзага келаётган бундай мураккаб шароитда Янги Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилининг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини батафсил ёритиб берган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда радикализм ва экстремистик ғояларга қарши курашишда фақат маъмурий чоралар ёки куч ишлатиш усуллари билан чекланиб бўлмайди. Бу борада энг самарали ва барқарор ечим аҳоли, айниқса, ёшларнинг маърифатини ошириш, одамлар қалбига ислом динининг асл инсонпарварлик ва бағрикенглик моҳиятини сингдиришдир.
Мақолада Ўзбекистонда буюк аждодларимиз, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа мутафаккир алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Шунингдек, муаллиф юртимизда ташкил этилган, илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари томонидан амалга оширилаётган жаҳолатга қарши илм-фан ва маърифатни асосий қурол сифатида қўллаш модели халқаро ҳамжамият, хусусан, мусулмон дунёси учун ибратли тажриба бўла олишини асослаб берган.
Айтиш мумкинки, “Ал-Сиёсий” нашрида эълон қилинган ушбу мақола Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётган тинчликсеварлик ва маърифий ислом тамойиллари тўғри ҳамда ўз вақтида қўлланаётган чора экани халқаро майдонда кенг эътироф этилаётганини яна бир бор намойиш қилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири