"Янги Ўзбекистон" массивлари – янги манзилларда шаклланаётган ҳаёт
Янги уйга кўчиб кириш ҳар бир оила учун қувончли воқеа. Янги хонадон яқинида мактаб, боғча, дўкон ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг бўлиши оилаларнинг кундалик ҳаётини анча енгиллаштиради. Қулай йўл ва жамоат транспортининг мавжудлиги эса ишга, ўқишга ёки бошқа манзилларга қатнашни осонлаштиради. Энг муҳими, электр, газ, ичимлик суви ва бошқа муҳандислик тармоқлари барқарор ишлаши керак. Ана шундагина янги уй шунчаки хонадон эмас, ҳақиқий яшаш масканига айланади.
Мамлакатимизнинг турли нуқталарида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида ана шу уйғунлик мавжуд. Бу эса одамларнинг янги манзилга тезроқ мослашиши, ўз ҳудудини қадрлаши ва шу ерда фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 9 декабрда қабул қилинган “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони айни йўналишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун бу ғоя мамлакатнинг турли ҳудудларида турлича кўриниш касб этмоқда. Бир жойда илгари фойдаланилмаган ерлар янги турар жой ҳудудига айлантирилаётган бўлса, бошқа манзилда мавжуд шаҳар кенгайиб, янги иқтисодий ва ижтимоий марказ шаклланмоқда. Яна бир ҳудудда эса янги уй-жойлар атрофида маҳаллий тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш учун янги бозор пайдо бўлмоқда.
“Янги Ўзбекистон” массивлари бугун нафақат пойтахт ёки йирик шаҳарларимизда, балки вилоят ва туманларимизда ҳам қад ростлаётгани барчани бирдек қувонтиради.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари мамлакатимизда шаҳарсозликка бўлган ёндашув қандай ўзгараётганини кўрсатмоқда. Бу ўзгаришни алоҳида ҳудудлар мисолида кўриш янада аниқроқ тасаввур беради.
Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилган шундай лойиҳалардан бири Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қад ростламоқда.
Чўл ҳудудини ўзлаштириш ҳисобига 50 гектар майдонда янги турар жой манзили шаклланмоқда. Бу ерда 100 дан ортиқ кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Ҳозиргача поликлиника, мактабгача таълим ташкилоти, умумтаълим мактаби ва маҳалла биноси фойдаланишга топширилди.
Бир қарашда юқоридаги рақамлар қурилиш кўламини ифодалайди. Аммо уларнинг ортида бошқа бир жараён ҳам бор. Бир вақтлар чўл ҳудуди бўлган майдонда эндиликда одамлар яшайдиган, болалар таълим оладиган, тиббий хизматдан фойдаланадиган, маҳалла ҳаёти шаклланадиган янги манзил пайдо бўлди.
Янги ҳудуднинг дастлабки босқичидаёқ мактаб, боғча, поликлиника ва маҳалла биносининг фойдаланишга топширилгани ҳам бежиз эмас. Чунки одамлар кўчиб келиши билан ҳудуднинг ижтимоий ҳаёти бошланади.
Жорий йил 26 февраль куни давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари билан танишгани ҳам лойиҳанинг аҳамиятини кўрсатади.
Бугун бу ерда 1,5 мингга яқин хонадон яшаётган бўлса, келгусида уйлар сони ортгани сари таълим, тиббиёт, савдо, транспорт ва бошқа хизматларга талаб ҳам ошади. Демак, Жарқўрғондаги қурилиш фақат бугунги эҳтиёжга эмас, ҳудуднинг эртанги қиёфасига ҳам таъсир қилади.
[gallery-27996]
Қадимий Қўқон шаҳрида қад ростлаётган янги массив ҳам нафақат уй-жой мажмуаси, балки ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини ўзгартирувчи замонавий марказ сифатида шаклланмоқда.
Шаҳарнинг янги ҳудудида 25 минг нафар аҳолига мўлжалланган яшаш муҳити шакллантирилмоқда. Массивни барпо этишга 1 триллион 850 миллиард сўм йўналтирилган. Лойиҳа доирасида 84 та кўп қаватли уй билан бир қаторда мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, олий таълим муассасаси, бизнес ва савдо марказлари ҳамда боғлар барпо этилмоқда.
Янги массив аҳолиси учун яшаш жойидан узоқлашмаган ҳолда ишлаш, таълим олиш, савдо ва хизматлардан фойдаланиш ҳамда мазмунли ҳордиқ чиқариш имкониятлари яратилмоқда. Бу ёндашув кундалик эҳтиёжлар учун шаҳарнинг бошқа ҳудудларига қатновни камайтириб, янги манзилнинг ўзида фаол ва қулай ҳаёт кечириш учун шароит яратади.
Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, 4 минг 394 та хонадондан иборат 56 та ўн қаватли уй фойдаланишга топширилган.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24 апрель куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, янги хонадонлардан бирига кириб, бу ерда оилалар учун яратилган шароитлар, хонадонларнинг жиҳозланиши ва яшаш қулайликлари билан танишган эди.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 18 гектар ҳудудда барпо этилган массивда 54 та беш қаватли уй қурилиб, 1 минг 400 та хонадон аҳолига топширилди. Кўп қаватли уйларнинг тартибли жойлашуви ва обод ҳудуд туман қиёфасига ҳам ўзгача кўриниш берди. Бироқ бу ердаги ўзгаришни фақат янги уйлар билан баҳолаб бўлмайди.
Янги хонадонлар билан бирга янги истеъмол бозори ҳам шаклланади. Кўчиб келган ҳар бир оила озиқ-овқат, маиший, савдо, таълим ва бошқа хизматларга эҳтиёж сезади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий тадбиркорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлишини англатади. Шу жиҳатдан, массивда барпо этилган уч қаватли “Эко бозор”ни оддий савдо объекти эмас, янги ҳудуднинг иқтисодий ҳаётини жонлантирувчи инфратузилманинг бир қисми сифатида баҳолаш мумкин.
Бозорда маҳаллий деҳқонлар ўз маҳсулотларини воситачиларсиз тўғридан-тўғри истеъмолчига етказиш имконига эга. Бу бир томондан аҳоли учун танловни кенгайтирса, иккинчи томондан ишлаб чиқарувчининг ўз маҳсулоти учун барқарор харидор топишига шароит яратади. Шу тариқа янги уй-жойлар атрофида нафақат янги маҳалла, балки унинг эҳтиёжларига мос иқтисодий муҳит ҳам шаклланиб боради.

“Янги Ўзбекистон” массивларида бунёдкорликнинг мазмуни янги уйлар сони билан чекланмайди. Кеча фойдаланилмаган ҳудудларда бугун оилалар яшамоқда, болалар таълим олмоқда, савдо ва хизматлар ривожланмоқда. Энг муҳими, бу манзилларда одамларнинг кундалик ҳаёти учун зарур бўлган шароитлар бир бутун муҳит сифатида шаклланмоқда.
Шу жиҳатдан, бугун барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари шунчаки янги турар жойлар эмас, балки келажакдаги маҳаллалар ва шаҳарлар қиёфасини белгилайдиган янги ҳаёт маконларидир.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА