“Янги Ўзбекистон” массиви — Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Жиззах вилояти Дўстлик туманида аҳоли учун замонавий ва қулай турмуш шароитларини яратиш, ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. “Чинобод” маҳалласи ҳудудида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массивининг фойдаланишга топширилиши ҳам ана шу бунёдкорлик ишларининг амалий натижаси бўлди.
Янги массивнинг очилишига бағишланган тадбирда Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев, туман фаоллари, нуронийлар, янги хонадон соҳиблари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан йиғилганлар муборакбод этилиб, массивда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, аҳоли учун яратилган шароитлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.
[gallery-31108]
— “Янги Ўзбекистон” номи билан аталган ушбу массив Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. Бу маскан нафақат янги уй-жойлар, балки аҳоли учун зарур муҳандислик инфратузилмаси ва қулай ҳаёт муҳитини ўзида мужассам этган. Асосий мақсадимиз — ҳар бир оиланинг ўз уйида хотиржам ва муносиб шароитда яшашини таъминлаш, - дейди Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев.
Массивда кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини марказлаштирилган иссиқлик билан таъминлаш мақсадида 11,7 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий иссиқлик тизими ишга туширилди. Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига 5,8 миллиард сўм, ичимлик суви ва канализация тармоқларини янгилашга 2,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, 2,8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 4 километр узунликдаги 10 кВли янги электр тармоғи тортилиб, 6 та 630 кВА қувватли трансформатор ўрнатилди.
Ҳудуднинг экологик муҳитини яхшилаш мақсадида “Янги Ўзбекистон боғи” барпо этилди. У ерга 2 минг туп манзарали дарахт кўчати экилди.
Массивда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва мавжудларини кенгайтириш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.
Жумладан, Мустақиллик байрами арафасида 3-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 120 ўринли янги корпуси фойдаланишга топширилди. 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилган мазкур корпус ишга туширилиши натижасида мактабгача таълим ташкилотидаги ўринлар сони 500 тадан ошди.
Шу билан бирга, келгусида массивдаги 14-сонли умумтаълим мактаби учун 1000 ўринли янги ўқув биноси қуриш режалаштирилган.
Тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири янги хонадон соҳибларига уй калитларининг топширилиши бўлди.
Массивда фойдаланишга топширилган 20 та кўп қаватли уйдаги 400 та хонадонга 400 оила — 1,5 минг нафардан ортиқ аҳоли кўчиб ўтди.
Янги уй-жойларни харид қилишда аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 миллиард сўмдан зиёд ипотека кредитлари ажратилди. 350 та хонадон соҳибига бошланғич бадал тўлови учун 15 миллиард сўмдан ортиқ субсидия тўлаб берилди.
— Кўп йиллардан буён ўз уйимизга эга бўлишни орзу қилар эдик. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида субсидия ва имтиёзли кредит асосида барча шароитларга эга янги хонадон калитини қабул қилиб олдик. Уйимизда иссиқлик, сув ва электр таъминоти йўлга қўйилган. Бундай имкониятлардан жуда мамнунмиз, - дейди янги хонадон соҳибларидан бири Нурали Ҳамроев.
Янги массивда барпо этилган кўп қаватли уйлар билан бир қаторда муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар ва ободонлаштирилган ҳудуд аҳоли учун қулай яшаш муҳитини таъминламоқда.
Тантанали тадбир туман Маданият бўлими ижодий жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА