Янги маъмурий бино – тараққиёт ва инновация тимсоли
Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Бинонинг тантанали очилиш маросимида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари сўзга чиқиб, янги бино инспекция ходимлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда қурилиш ва коммунал соҳасида давлат назоратини сифатли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Янги маъмурий бино замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилган бўлиб, барча зарур стандарт ва талабларга мувофиқ ҳолда жиҳозланган. Бинода ходимлар учун қулай ва самарали иш муҳити яратилган, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган хизмат хоналари, фуқароларни қабул қилиш учун алоҳида қабул заллари ҳамда иш жараёнларини юқори даражада ташкил этиш имкониятлари мавжуд.
– Президентимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли бошқарув ташкилотлари учун қатор имтиёз ва қулайликлар яратилмоқда. Бу эса аҳолимиз фаровонлигининг ошишига хизмат қилмоқда, – дейди Ҳудудий инспекция бошлиғи Шерзод Отаев. – Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари махсус формали кийим-бошлар ҳамда бодикамера ва планшетлар билан тўлиқ таъминланди. Замонавий талаблар асосида барпо этилган мазкур маъмурий бино ҳам инспекция ходимлари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, иш самарадорлигини ошириш ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида амалга оширилаётган ишлар сифати ва қонунийлигини назорат қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Янги бино фойдаланишга топширилиши билан соҳа фидойилари, нуронийлар, ҳамкор ташкилот вакиллари янги маъмурий бинода яратилган имкониятлар, хизмат хоналари, фуқароларни қабул қилиш учун мўлжалланган шароитлар ҳамда ходимлар фаолияти учун яратилган замонавий инфратузилма билан яқиндан танишди.
Шунингдек, 80 нафар ходимларнинг иш жараёнлари, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳолати ҳамда иш фаолиятини ташкил этиш тизими билан танишишди.
[gallery-29223]
– Олдинги бир қаватли эски бинонинг фойдали майдони жуда кам бўлган, – дейди Ҳудудий инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари Йўлдошбой Ҳакимов. – Янги бино 2 қаватли бўлиб, бинонинг фойдали майдони 1 минг 137 квадрат метр бўлиб, жами 21 хонадан иборат. Бу ерда ҳудудий инспекция имкониятлари анча кенгайди. Шу билан бирга, рақамлаштириш жараёнлари доирасида ташкил этилган онлайн кузатув маркази фаолияти тақдим этилди. Мазкур марказ орқали қурилиш объектларини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилган бўлиб, инспекторларнинг боди-камералари орқали олинаётган тасвирларни ҳам марказлашган ҳолда назорат қилиш йўлга қўйилган.
Тадбир давомида мазкур бино ҳудудий инспекция фаолиятини янги босқичга олиб чиқиши, қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида давлат назоратини кучайтириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари