Янги лойиҳалар туфайли сув таъминоти кўлами кенгаймоқда
Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тизимини такомиллаштириш ва соҳани замонавий босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бирига айланган. Бу борада халқаро молия институтлари ва хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ичимлик ва оқова сув таъминоти соҳасини ривожлантириш мақсадида жами 16 та хорижий ташкилот, жумладан, халқаро молия институтлари ва йирик компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Айни пайтда умумий қиймати 2,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 23 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, 2024 йилда соҳада 179 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 2,4 бараварга оширилиб, 434,8 миллион долларга етказилди. Бу эса соҳадаги ислоҳотлар изчил ва самарали давом этаётганини кўрсатади.

Амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 2025 йилда жами 1 117 километр ичимлик ва 190 километр оқова сув тармоқлари тортилиб, 23 та ичимлик ва 9 та оқова сув иншоотида қурилиш-монтаж ишлари якунланган. Шунингдек, 68 мингта сув ҳисоблагич ўрнатилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида республика аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 80,9 фоиздан 82,8 фоизга, оқова сув тизими билан қамров эса 20,5 фоиздан 22,3 фоизга етказилган.
– 2026 йилда ҳам халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ва компаниялар иштирокида 23 та лойиҳани амалга ошириш давом эттирилади, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Нодир Хўжамов. – Ушбу лойиҳалар доирасида 461,8 миллион доллар кредит ва 38 миллион доллар инвестиция маблағларини ўзлаштириш режалаштирилган.

Айни пайтда 10 та лойиҳада қурилиш, 7 тасида қурилиш ва тендер жараёнлари, 6 тасида эса лойиҳалаштириш ва тендер ишлари олиб борилмоқда. Жалб этилган маблағларнинг 59 фоизи ичимлик суви, 41 фоизи эса оқова сув тизимини яхшилашга йўналтирилган.
Жорий йилда 862 километр тармоқ тортиш, жумладан, 572 километр ичимлик ва 290 километр оқова сув тармоқларини барпо этиш, шунингдек, 20 та янги иншоот қуриш кўзда тутилган.
Амалга ошириладиган ишлар натижасида 2026 йил якунига қадар аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 83,5 фоизга, оқова сув хизматлари билан қамров эса 23 фоизга етказилиши кутилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь-март ойларида 76,3 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган. Ҳисобот даврида 89,3 километр ичимлик ва 8,2 километр оқова сув тармоқлари тортилиб, 42 мингдан ортиқ сув ҳисоблагич ўрнатилган.
Умуман олганда, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорлик лойиҳалари аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА