Янги корхонада лифт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Наманган вилояти Давлатобод туманида замонавий саноат корхоналари сафи яна биттага кенгайди. “BLT Brilliant Elevator” МЧЖ томонидан Хитойнинг “Shenyang Yuanda Intellectual Industry Group CO., LTD” компанияси билан ҳамкорликда лифт ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилди.
Янги корхонанинг ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Анвар Тожимирзаев, нуронийлар, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
[gallery-31065]
Корхонада замонавий технологиялар асосида ойига 120 дона лифт ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Бу йилига 1440 дона маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Янги ишлаб чиқариш қувватининг фаолияти натижасида 50 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланади.
Ишлаб чиқариш жараёнида замонавий технология ва ускуналардан фойдаланиш, маҳсулот сифатини таъминлаш ҳамда ички бозор талабига мос рақобатбардош лифтлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур лойиҳа хорижий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологияларни маҳаллий ишлаб чиқаришга жорий этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА