Янги электрлаштирилган темир йўлда техник синов ўтказилди
Темир йўлларда йўловчиларнинг бехатар манзилга етишини таъминлаш мақсадида мунтазам ўрганишлар олиб борилмоқда. Сўнгги кўрик натижалари нималарни кўрсатди?
Жамоат транспортида энг муҳим омил хавфсизликни таъминлашдир. Сўнгги йилларда соҳада изчил ислоҳотлар олиб борилаётганини ҳисобга олсак, йўловчи хавфсизлигига аҳамият қаратиш лозим бўлган жараён.
Шу мақсадда, “Тошкент МТУ” Филиали бошлиғи О.Худойқулов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Ховос, Янги Янгиер станцияларидаги темир йўл участкаларида кузги кўрик ўтказилди. Ишчи гуруҳ дастлаб кўрикни “Ховос-Зомин туризм” йўналишида қурилган, узунлиги 28 км бўлган янги электрлаштирилган темир йўл участкасида техник синов ўтказишдан бошлади. Жараёнда амалга оширилган ишлар атрофлича ўрганилди ҳамда қилиниши лозим бўлган вазифалар юзасидан масъул ходимларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, кўрик давомида энг йирик саралаш станцияларидан бири ҳисобланган Ховос станцияси ҳамда Янги Янгиер станцияларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ҳаракат хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси талабларининг бажарилиши, ишчи ходимларга яратилган шароитлар, бино ва иншоотларнинг ҳолати кўздан кечирилди.
Таъкидланишича, бундай ўрганишлар мунтазам давом эттирилиб, аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз муҳит яратишга бел боғланган.
Шербек Исломов, ЎзА