Янги авлод педагоглари катта ҳаётга қадам қўймоқда
Мамлакат тараққиёти ва миллат эртаси, аввало, таълим тизими ҳамда унда меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг салоҳиятига боғлиқ. Шу боис, юртимизда замонавий билим ва инновацион кўникмаларга эга янги авлод педагогларини тайёрлашга стратегик вазифа сифатида қаралмоқда. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида соҳага мутлақо янгича ёндашадиган фидойи муаллимлар корпуси шаклланмоқда.
Шу кунларда “Янги Ўзбекистон” боғида ушбу мақсад йўлидаги навбатдаги қутлуғ қадам — Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг “Янги Ўзбекистоннинг янги педагоглари — келажак бунёдкорлари” шиори остидаги “Битирувчи–2026” тантанаси бўлиб ўтди.
Мамлакатимиздаги энг йирик педагогик олий таълим муассасаларидан бирининг навбатдаги қалдирғочларини кузатиш кечасида битирувчилар, уларнинг ота-оналари, устозлар ва кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.
— Айни пайтда олийгоҳимизда 18 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда, — деди Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари, университет ректори Ҳилола Умарова. — Уларнинг қарийб 17 минг нафари бакалавриат, мингдан ортиғи эса магистратура босқичи талабаларидир. Хорижлик талабалар сонининг йилдан-йилга ортиб бораётгани ҳам масканимизнинг халқаро нуфузи ва жозибадорлиги юксалаётганидан далолат беради. Бўлажак мутахассисларга 33 та кафедрада 730 нафардан зиёд тажрибали профессор-ўқитувчилар сабоқ бермоқда.

Жорий ўқув йилида университетни 5 минг 723 нафар ёш мутахассис тамомламоқда. Уларнинг 62 нафари имтиёзли диплом соҳибларидир. Энг қувонарлиси, битирувчилар орасида халқаро ва республика миқёсидаги фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ҳамда илмий танловлар ғолиблари талайгина. Бу ёш кучлар яқин йилларда юртимиз мактаб ва боғчаларига кириб бориб, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишда бош ҳаракатлантирувчи кучга айланади.

Бугунги кунда университет Белорус, Россия ва Қозоғистоннинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорликда 6 та қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрламоқда. Бу эса ёш муаллимларнинг халқаро стандартлар асосида билим олиши ва меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишини таъминлаяпти.
Тантанали тадбирда сўз олган битирувчилар университетда яратилган замонавий шароитлар уларнинг нафақат касбий, балки шахсий ривожланишида ҳам муҳим пойдевор бўлганини эътироф этиб, устозларига чексиз миннатдорлик билдирдилар.
Кўзларида келажакка ишонч, қалбида Ватан равнақига ҳисса қўшиш туйғуси жўш урган бир гуруҳ иқтидорли ёшларга дипломлар тантанали равишда топширилди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА