Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Миллий суверенитет ва давлат мустақиллиги ҳар қайси мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётининг энг асосий шарти ва гаровидир. Бу ҳал қилувчи омиллар давлатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, унинг барча манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўтган давр мобайнида мамлакат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Бу жараёнлар нафақат давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, балки жамиятда янги тафаккур ва янгича дунёқарашни шакллантиришга ҳам хизмат қилди.
Шу маънода, Мустақиллик куни мамлакат тарихида муҳим саналардан бири сифатида нишонланади. Айниқса, 35 йиллик юбилей босиб ўтилган йўлни сарҳисоб қилиш, келажак ривожланиш стратегияларини белгилаш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши ушбу сананинг юксак даражада нишонланишини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур қарор асосида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя илгари сурилиб, у жамиятни бирлаштирувчи, фуқароларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамловчи асос сифатида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 августга қадар “Мустақиллик зафарномаси” номли махсус китоб-альбом тайёрланиши режалаштирилган. Ушбу нашрда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари ҳамда турли соҳаларда эришилган ютуқлар тизимли равишда акс эттирилади. Бу эса нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик учун ҳам мамлакатимизнинг ривожланиш моделини намойиш этувчи муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, 2026 йил апрель ойидан бошлаб ижтимоий тармоқларда #Mustaqilik35, #Uzb хештеглари остида кенг қамровли тарғибот компаниялари йўлга қўйилиши белгиланди. Ахборот маконида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилади. Хусусан, “35 йиллик Истиқлол йилномаси” рукни остида ҳужжатли фильмлар ва кўрсатувлар тайёрланиб, улар орқали мустақиллик йилларида босиб ўтилган йўллар, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва эришилган ютуқлар ёритилади.
Қолаверса, 2026 йил август–сентябрь ойларида хориждаги ватандошлар ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида “Мустақил Ўзбекистоним – ғурурим, ифтихорим” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши назарда тутилган.
Қабул қилинган қарор мустақилликнинг 35 йиллигини нафақат тантанали равишда нишонлаш, балки уни мазмунан бой, ғоявий жиҳатдан чуқур ва кенг қамровли тадбирлар орқали ўтказишни назарда тутади. Ушбу жараёнлар жамиятда бирдамлик, ватанпарварлик ва келажакка ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА