"WikiMarafon": жаҳон интернет тармоғида ўзбек тилида маълумотлар кўпаймоқда
"WikiMarafon" интернетда ўзбекча Википедияни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ҳисобланади. Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёш ижодкорлар кенгаши томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ўзбекча Википедияни бойитиш орқали Жаҳон интернет тармоғида ўзбек тилидаги маълумотларни кўпайтириб боради.
Айни кунларда "WikiMarafon" лойиҳаси доирасида ўтказилаётган "WikiSfera II" оромгоҳига қабул бошланган. Оромгоҳнинг бу галги мавзуси машҳур Гарри Поттер фильмлари руҳида бўлиб, дастур доирасида турли ўқув семинарлари, интеллектуал ва жамоавий ўйинлар ташкил этилади.
–"WikiSfera II" оромгоҳининг 2-мавсумидан асосий мақсад Википедия онлайн энциклопедиясининг ўзбек тилидаги бўлимида мавжуд мақолалар сони ва сифатини оширишдан иборат, –деди лойиҳа раҳбари Шоҳжахон Собиров. – Оромгоҳни юқори савияда ўтказиш учун Ёшлар ишлари агентлиги масъул ташкилот этиб белгиланган.
Оромгоҳ ташкил этиш орқали иштирокчиларга Википедия онлайн энциклопедиясининг мазмуни, ишлаш тамойиллари ва имкониятлари ҳақида тушунча бериш, уларда таҳрирлаш маданиятини шакллантириш, ёшларнинг ахборот излаш ва таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда иштирокчиларга Википедия онлайн энциклопедиясининг Ўзбек тилидаги бўлимига мақола жойлашни ўргатиш кўзда тутилган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, оромгоҳга қатнашиш учун талабгорлар ўзларининг шахсий қизиқишлари, фаолияти ҳамда оромгоҳда иштирок этиш бўйича мақсадларини ёритиб берувчи 200-300 сўздан иборат мотивацион хат ёзишлари керак бўлади.
Мотивацион хатлар "WikiMarafon" лойиҳасининг ташкилий жамоаси томонидан қабул қилиниб, баҳоланади. Шунингдек, оромгоҳга 16 ва ундан юқори ёшдаги талабгорлардан аризалар қабул қилинади.
Оромгоҳ учун қабул 20 майдан 20 июнга қадар давом этади.
Бир сўз билан айтганда, "WikiMarafon" лойиҳаси интернет тармоғида ўзбекча маълумотлар базасини ривожлантириш, мамлакатимиз ва унинг тарихи ҳақида турли тиллардаги маълумотларни кўпайтириш ҳамда ўзбек тилининг жаҳон миқёсидаги нуфузини оширишда намунали хизмат қилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА