“Wiki Loves Earth” танлови суратларини баҳолаш ишлари давом этмоқда
Ўзбекистонда ўтказилаётган “Wiki Loves Earth” халқаро фототанловининг миллий босқичида ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар томонидан тақдим этилган суратларни баҳолашни давом эттирмоқда. Баҳолаш якунларига кўра, Ўзбекистон номидан танловнинг халқаро босқичида иштирок этадиган энг яхши суратлар саралаб олинади.
Жорий йилда танловнинг миллий босқичида 20 нафар иштирокчи қатнашиб, Wikimedia Commons платформасига Ўзбекистоннинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари ва бошқа ноёб табиат масканларига бағишланган 1307 та сурат юклади.
Танловга тақдим этилган ишларнинг юқори сифати шундан далолат берадики, улардан 63 таси Wikimedia Commons платформасида Quality Images (“Сифатли тасвир”) мақомини олди. Ушбу мақом техник сифати, композицияси ва ҳужжатли қиймати юқори бўлган суратларга берилади.
Иштирокчилар давлат қўриқхоналари, миллий ва табиий боғлар, буюртмахоналар, табиат ёдгорликлари, гўзал табиий ландшафтлар, шунингдек, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини акс эттирувчи суратларни тақдим этди. Барча тасвирлар эркин лицензия асосида эълон қилинган бўлиб, улардан Википедия ҳамда бошқа таълим, илмий ва маърифий лойиҳаларда эркин фойдаланиш мумкин.
Баҳолаш якунлангач, ҳакамлар ҳайъати миллий босқич ғолибларини аниқлайди. Уларнинг энг яхши ишлари Ўзбекистон номидан “Wiki Loves Earth” халқаро фототанловининг халқаро босқичида иштирок этади.
“Wiki Loves Earth” халқаро фототанлови табиий меросни оммалаштириш, эркин билимларни ривожлантириш ҳамда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг дунёдаги энг йирик эркин фотосуратлар тўпламини яратишга қаратилган. Танлов доирасида юкланган суратлар Википедия ва Викимедиа лойиҳаларининг тасвирлар базасини бойитиб, Ўзбекистоннинг ноёб табиий мероси ҳақидаги маълумотларни миллионлаб фойдаланувчилар учун янада очиқ ва қулай қилади.
Миллий босқич ғолиблари ҳакамлар ҳайъати ишини якунлагач эълон қилинади.
Г.Бобоева,
ЎзА