Вояга етмаган гувоҳлар энди қонуний вакил ҳимоясида бўлади
Қонун (ЎРҚ–1130-сон, 17.04.2026 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, вояга етмаган шахс тавсифланганлиги ёки тасвирланганлиги айбдорга аён бўлган порнографик маҳсулотни тарқатиш мақсадида сақлаш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,
БҲМнинг 100 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Шунингдек, Жиноят кодексига вояга етмаган гувоҳнинг қонуний вакили тушунчаси киритилди.
Гувоҳ вояга етмаган шахс бўлган ҳолларда, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун гувоҳнинг қонуний вакили ишда иштирок этишга жалб қилинади.
Ишда қонуний вакил сифатида ота-она, фарзандликка олган шахс, васийлар, ҳомийлар, васийлик ва ҳомийлик органининг вакиллари иштирок этиши мумкин.
Қонуний вакилнинг ишда иштирок этишига йўл қўйилганлиги ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради.
Бундан ташқари, вояга етмаган шахс тавсифланганлиги ёки тасвирланганлиги айбдорга аён бўлган порнографик маҳсулотни тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
ЎзА