Ветеринария тўғрисидаги қонунчилик Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштирилмоқда
Ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашнинг кафолатли тизимини жорий этиш, ветеринария тўғрисидаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган қонун Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинди.
“Давлат ветеринария назорати такомиллаштирилиши муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунда ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш, профилактика тадбирларининг даволаш ишларига нисбатан устуворлиги ҳамда ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашё хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланмоқда.
– Қонун билан “Ветеринария тўғрисида”ги қонунга ветеринария соҳасидаги асосий принципларни белгилашга оид ўзгартириш киритилмоқда, - деди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев. – Давлат, идоравий ва ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматлари ҳамда хусусий ветеринария фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ хавфни таҳлил қилиш ва бошқаришга қаратилган тузатишлар ҳам киритилмоқда.

Соҳага оид миллий қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилотининг қоидалари ва нормаларига уйғунлаштириш ҳам назарда тутилмоқда.
Ҳайвонларнинг юқумли касалликлари бўйича ҳудудлар ва кичик ҳудудлар (компартментлар)ни ажратиш, уларнинг хавфсизлик тоифаларини белгилаш, ветеринария-санитария чораларини хавф таҳлили асосида қўллаш ҳамда давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни зарур ҳолларда лаборатория текширувидан ўтказишга оид тартиб ҳам мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун миллий қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш, мамлакатимизда ветеринария осойишталиги ва ветеринария назоратидаги товарларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА