Ветеринария озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорликнинг пойдеворидир
Чорвадор тонг ёришмасдан далага подани ҳайдаб кетаяпти. Набирасни овутиб олиб ўтирган онахон дастурхонга келтирилган бир коса сарёғли сутга нон тўғраяпти. Чойхонадаги уч-тўрт чоғли тенгқурлар эса картошка ва гўшт аралашган қовурмага иштаха билан қўл узатмоқда.
Кўз олдингизда гавдаланган бу манзараларни бир-бирига боғлаб турувчи “занжир” бор. Шу тўкинлик ортида чорвадорнинг улкан меҳнати ва масъулияти мужассам. Буни кўпчилигимиз англайвермаймиз. Бу занжирнинг энг муҳим, лекин кўзга кўринмас ҳимоячиси эса ветеринарлар саналади. Улар жониворларнинг шифокори. Улар озиқ-овқат хавфсизлигининг олдинги сафдаги қалқонидир. Бугунги кунда ветеринария мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминловчи стратегик тармоққа айланди.
Халқаро ветеринария куни олдидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов соҳадаги туб бурилишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.

– Маълумки, 2000 йилда Халқаро ветеринария ассоциацияси ва Халқаро ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилотининг ташаббуси билан ҳар йили апрель ойининг охирги шанбаси “Халқаро ветеринария куни” деб белгиланиши ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Шундан буён дунёнинг турли нуқталарида ветеринарияга бўлган эътибор ортди. Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати натижасида ветеринария тармоғи аграр секторнинг ҳақиқий “драйвери”га айлантирилди. Бугунги ветеринария фақат даволаш эмас, балки зооантропоноз касалликларнинг олдини олиш орқали инсон саломатлигини асраш демакдир.
Сўнгги йилларда соҳада яратилган пухта тизим ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларга қарши эмлаш даражасини юз фоизга етказиш имконини берди. Бу республикамизда эпизоотик барқарорликни таъминлаш, дегани. Эндиликда “фермадан дастурхонгача” тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария назорати халқаро стандартлар даражасида йўлга қўйилди.
Қўмитамиз халқаро майдонда ҳам фаол. Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти(WOAH), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Жаҳон ва Осиё тараққиёт банклари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар соҳадаги илғор инновацияларни юртимизга олиб киришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Соҳа ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш устувор вазифадир. Жойлардаги ветеринария бўлимларини замонавий транспорт воситалари, хусусан, мотоцикл, скутер ва махсус автотранспортлар билан жиҳозлаш уларнинг узоқ ва олис ҳудудлардаги фермерларга ўз вақтида етиб боришини таъминламоқда. Бу “тезкор ёрдам” тизимининг ветеринариядаги кўринишидир.
Ветеринария соҳаси фидойилари халқимизнинг соғлом турмуш тарзи ва иқтисодий фаровонлиги учун кун-у тун меҳнат қилаётган қаҳрамонлардир. Бизнинг олдимиздаги мақсад нафақат мавжуд кўрсаткичларни сақлаб қолиш, балки соҳани рақамлаштириш ва илм-фан билан уйғунлаштириш орқали янги, янада юксак босқичга олиб чиқишдир.
ЎзА