Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегацияси АҚШда бўлиб турибди.
Вакилларимиз сафар давомида тоғ-кон саноати, меҳмонхона бизнеси, озиқ-овқат саноати каби муҳим соҳаларда фаолият юритувчи йирик компания, корпорация, саноат бирлашмалари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.
Корхоналарга самарали инвестиция таклифлари, Ўзбекистонда бизнес олиб бориш учун яратилган шарт-шароит тўғрисида батафсил маълумот тақдим этиляпти. Мезбонлар республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бермоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда кўп йиллик тажрибага эга Америка компанияларининг муваффақиятли фаолиятидан келиб чиқиб, ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрликларини билдиряпти.

Ҳозиргача томонлар фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик буйича келишув имзолади. Шунингдек, фойдали қазилма конларини қидириш ва қазиб олишга инвестиция киритиш, юқори даражада майдалаш мажмуаларини қуриш, инновацион технологияни жалб этиш, муҳим хом ашё учун қўшилган қиймат яратиш, ўзбекистонлик мутахассислар малакасини ошириш режаси тузиб олинди. Қолаверса, туризм соҳасида янги лойиҳалар илгари сурилиб, меҳмонхоналар қуриш муддатлари белгиланди.
Эришилган келишувлар тегишли битимлар билан мустаҳкамланди. Ҳар бир ташаббус учун масъул менежер тайинланди.
Г.Сатторова, ЎзА