“Валет-паркинг” — шаҳар инфратузилмасида янги қулайлик
Кўпгина хориж фильмларини томоша қилганимизда, ресторан, меҳмонхона, савдо марказларига машинаси билан борган қаҳрамонлар автомобилини махсус ходимга топшириб, ичкарига кириб кетган ҳолатларни кўп кўрганмиз ва бунга ҳавас ёки “бировга қандай ишониб бериб кетиш мумкин”, деган ҳадик билан қараганмиз.
Киноларда кўрганимиз ана шу хизмат — автомобилни махсус ходимга топшириб, машина тўхташ жойига қўйиб бериш ҳамда қайтиб келганда, машинани олиб келиб бериш хизмати валет-паркинг хизмати ҳисобланади. Эндиликда мазкур хизмат Ўзбекистонда ҳам ривожлантирилади.
Яқинда Президентимиз Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида Янги Тошкентни иқтисодий марказга айлантириш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун қулайликлар яратиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурган эди. Шу жумладан тирбандликни камайтириш ва мижозларга қулайлик яратиш мақсадида валет-паркинг хизматларини ривожлантириш таклифи ҳам билдирилди.
Хўш, унинг афзаллиги нимада? Махсус ходим (валет) машинани қабул қилиб олади ва автомобилни автотураргоҳга жойлаштиради. Бу билан мижозларга қулайлик яратилади. Мижоз ўзи автотураргоҳ қидириб юрмайди, вақти тежалади, асаблари бузилмайди, тирбандликлар юзага келишининг олди олинади.
Ушбу замонавий хизматни мамлакатимизда кенг жорий этиш учун эса аввало, аниқ ҳуқуқий қоидаларни белгилаш, қонуний асосларини мустаҳкамлаш зарур. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан ўтказилган давра суҳбатида айнан шу — валет-паркинг хизматини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари соҳа мутахассислари иштирокида кенг муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, транспорт воситаларининг қабул қилиниши, сақланиши ва эгасига қайтарилиши жараёнларини, хизмат кўрсатувчи операторлар, уларнинг ходимлари ва транспорт воситаси эгалари ўртасидаги муносабатларни қонунчилик асосида тартибга солиш лозим.
Бу борада “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга валет-паркинг хизмати, унинг оператори ва ходими, транспорт воситасини қабул қилиш ҳамда қайтариш жойларига оид асосий тушунчаларни киритиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пиёдаларнинг эркин ҳаракатланиши, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларига риоя этиш, транспорт воситаларини тегишли тоифадаги ҳайдовчилик ҳуқуқига эга ходимлар бошқариши ҳамда хизмат кўрсатиш жойларини қонуний асосда ташкил этиш бўйича талабларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда валет-паркинг хизмати кўрсатиш шартномасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, транспорт воситасини қабул қилишни тасдиқлаш, автомобиль ҳолати ва мавжуд шикастланишларни қайд этиш, транспорт воситасининг сақланиши учун оператор жавобгарлигини ҳамда етказилган зарарни қоплаш тартибларини белгилаш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада Фуқаролик кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар билдирилди.
Валет-паркинг хизматларини жорий этишда хизмат сифати ва хавфсизлигини ошириш, соҳада қонуний асосларни, аниқ ҳуқуқий талабларни белгилаш орқали хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Демак, хориж фильмларида кўрганимиз ушбу қулай хизматлар юртимизда ҳам аста-секин урфга киради. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади, зарур инфратузилма ривожлантирилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА