Вакцинация – ватанпарварлик демак...
Вакцинация ҳар қайси замонда ҳам юқумли касалликларга ягона чора бўлган.
Вакцинация – яқинларинг ва атрофингдагилар соғлиги ҳақида қайғуриш ва ғамхўрлик дегани. Жамият ҳаётига хайрихоҳ муносабатнинг бир белгиси, таъбир жоиз бўлса, ватанпарварлик демак...
Қисқа давр ичида “янги аср вабоси” дея нисбат берилаётган коронавирус инфекцияси ва бу касалликка қарши эмлаш жараёнига турлича қарашлар пайдо бўлиб улгурди.
Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Алишер Шодмоновнинг ЎзА мухбири билан суҳбат жараёнида таъкидлашича, ҳозирги кунда коронавирусга қарши вакциналарга нисбатан одамларнинг муносабатини уч тоифага бўлиш мумкин. Биринчи тоифадагилар онгида тўғри тушунча шаклланган хайрихоҳлар бўлса, иккинчи тоифадагилар вакцинага мутлоқ қаршилардир. Учинчи тоифадагилар эса гумондорлар.
Савол туғилади: нега биз икки йилдан буён шу офат билан курашар эканмиз, ҳанузгача касалликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга нисбатан одамлар онгида тўлиқ онгли муносабатни шакллантира олмаяпмиз? Дунё аҳолисини катта таҳлика остига қўйиб, миллионлаб одамлар ҳаётида фожиа ясаб улгурган эпидемиянинг жиддий асоратларини кўра-била туриб, бошимиздан ўтказиб, жабрини чекаётган бўлсакда, бу борадаги ахборотнинг ишончлисини танлаб олишга иккиланяпмиз?
– Назаримда, ҳамма гап яна ўша лоқайдлик ва бепарволик иллатига бориб тақаляпти, – дейди А.Шодмонов. – Биз дуч келаётган фожиаларга аслида ўзимиз ва яқинларимиз соғлигига панжа орасидан қараётганимиз сабаб бўляпти.
Тиббиёт илмидаги кўп йиллик тажрибаларим ва шахсий кузатишларимга асосланиб айтадиган бўлсам, биз аввало сабоқни ўтмиш билан бугунни таққослаган ҳолда чиқарсак тўғри бўлади. Ўтган аср бошларида аҳолининг ўртача умр кўриш ёши 35 ни кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб бу рақам икки баробардан ошди. Асрлар давомида кўп қирғинлар, уруш ва экологик ноқулай вазият, очарчилик ҳамда эпидемиялар сабаб миллиардлаб умрлар бевақт завол топди.
Бу йўқотишларнинг бош омили юқумли касалликлар эди. XIX асрда дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми айнан эпидемиялар сабаб қирилиб кетди. Дунё ривожланиш ва тараққиёт сари юксалиб боргани сайин тиббиёт илми олимлари томонидан вакциналар жорий этилиб, бу касалликларнинг олди олинди. Маълумотларга кўра, айнан вакциналар ҳар йили уч миллионга яқин ўлим ҳолатининг олдини олишга ёрдам беради.
– JOHNS HOPKINS университетининг статистик маълумотларига кўра, айни пайттгача дунё бўйича 4 миллиардга яқин одам коронавирусга қарши эмланди. Аммо нима сабабдан Ўзбекистонда “Сovid-19”га қарши кураш тизими яратилиб, хукумат доирасида барча зарурий чоралар кўрилаётганига қарамасдан ҳалигача одамларда вакцинация жараёнига тўғри муносабатни шакллантира олмаяпмиз? Бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб вазиятга тўғри баҳо беришга, аниқ ва тўғри йўлни танлаб олишимизга сизнингча, нима тўсқинлик қиляпти?
– Юқорида айтиб ўтганимдек, одамзод тарихда кўк йўтал, қизамиқ, қора чечак (ОСПА), сил ва бошқа кўплаб юқумли касалликларни бошидан кечирган. Бу касалликларнинг вақт ўтгани сайин буткул йўқолиб кетишига ёки кескин камайишига айнан эмлаш омили сабаб бўлди. Ҳозирги пайтга келиб, юқумли касалликларнинг кўплари эмлаш сабаб, мутлоқ учрамайди.
Бугун коронавируснинг янгича штаммлари пайдо бўлиб, вирус турли кўринишларда ўзини намоён қилаётган жиддий вазият. Одамлар орасида турли ваҳима, асоссиз гумонлар тарқалган: вакцина олгандан кейин аҳвол ёмонлашиб қоларкан, вакцина йиллар ўтиб инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатаркан ва ҳоказо...
Йўқ, эмланишдан қўрқиш керак эмас. Вакцина амалиётидан кейинги бир -икки кунда ўтиб кетадиган вақтинчалик ҳолсизлик ва бироз оғриққа чидаш касалликка чалиниб, ҳаво етмасдан реанимацияга тушиш ва ўлим билан якун топадиган қаттиқ жон азобидан солиштириб бўлмас даражада афзал.
Табиийки, вакцина билакка қилинганидан кейин кучсиз оғриқ ҳис қиламиз, айримларда 3 кунгача бироз тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилиши мумкин. Бу табиий жараён, ҳатто яхши белги. Демак организмда иммунитет пайдо бўляпти.
Мен яқинда ўзбек-хитой вакцинасини олдим. Бутун оилам, ҳатто 83 ёшли отамга ҳам шу вакцинани раво кўрдим. Чунки мен вакцинага ишонаман. Вакцинация ҳар қайси замонда ҳам юқумли касалликка ягона чора бўлган. Вакцина яқинларинг ва атрофингдагилар соғлиги ҳақида қайғуриш ва ғамхўрлик дегани. Жамият ҳаётига хайрихоҳ муносабатнинг бир белгиси, айтиб ўтганингиздек, ватанпарварлик...
– Сизни, бугун тиббий олим сифатида нималар хавотирга солади?
– Жамиятда одамлар қарши фикрни тез тарқататишга одатланиб бораётгани, улардаги пессимисик қараш, бирон бир воқеликка ёки илмга ишончсизлик кайфияти. Ҳозирги эпидемик вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу каби салбий қарашларнинг оқибати яхши эмас. Касаллик тарқалган дастлабки кунларда айрим ватандошларимиз асоссиз равишда, ҳатто ўзи тушунмаган бир ҳолатда коронавирус ҳам, бу касаллик ҳам йўқ, ўйлаб топилган, деган фикрларни билдиришди. Ҳатто, орамизда эпидемияни “сиёсий уруш” деганлар бўлди. Бугун эса бу вирусининг мавжудлиги исботланди.
Дунёда вакцина олганлар сони тўрт миллиардга яқинлашган бир пайтда бизда бу жараёнга жуда совуққонлик билан қаралмоқда. БАА, Исроил, АҚШ ва Европанинг барча давлатлари вакцинация жараёнларида илгарилаб кетди.
Қизиқ, ушбу давлатлар аҳолисининг онги шунчалар пастми, билими етарли эмасми? Нега бизда ҳам ўша давлатлар сингари барча кучлар ва маблағлар шу жараёнга қаратилаётган бўлса-ю, биз ижтимоий тармоқларда ўзбошимчалик билан тарқатилаётган ёлғон-яшиқ фитналарга ишониб, фикримизни ўзгартирсак!? Ахир гап, ўтиб кетадиган моддий қизиқишлар эмас, ҳар қандай неъматдан устун турадиган инсон саломатлиги ҳақида боряпти.
Тошкент тиббиёт академияси профессор ўқитувчилари ана шу масъулиятдан келиб чиқиб, бугун аҳоли орасида халқимизга коронавирус оқибатларини юмшатиш, касалликнинг янги мутацияга учраган турлари ҳақида одамларга тўғри, илмий асосланган маълумотлар етказишга бел боғладилар. Илмий-педагогик жамоамиз ҳар куни Тошкент шаҳрига яқин туманлар ҳудудидаги поликлиникалар, маҳалла ва гузарлардаги тиббий пунктларда, клиникаларда амалий фаолият билан банд. Бу борада ҳамкасбларимизга кўмаклашиш мақсадида Қашқадарёда ҳам бўлишди.
Кузатишларимиз шуни кўрсатяптики, бугун вазият кечагидан жиддий. Илгари касаллик тарқалиши нисбатан секин эди. Беморлар 7-8 кунгача вирусни сезмасди. Кейинги хафтада организмда оғирлик сезиларди. Ҳозир мутлақ бошқача ҳолат. Вирус тушган организмда касаллик икки-уч кунда авж олиб, тез оғир ҳолат ва ҳаттоки ўлим билан якун топяпти. Ўпкани тез ишдан чиқаряпти.
Агар ўтган йилги биринчи тўлқин пайтида аёллар ва болаларда касаллик жуда кам ҳолатларда кузатилган бўлса, айни кунда ҳомиладор аёллар ва ёш болалар ўртасида коронавирус инфекцияси, афсуски, юқори кўрсаткичларда ўзини намоён этяпти.
Яна омма ичида ёши катталар, сурункали касали борлар, ногиронлар бор. Уларнинг организмига вирус тез мослашади. Шу сабабли биз уларнинг яқинларига тўғри маслаҳатларни бериб, тарғиботнинг энг оммабоп усулларини қўллашимиз керак, деб ўйлайман.
Штаммлар ва мутация афсуски мавжуд. Уни тўхтатишнинг ягона йўли – бу вакцинация. Биз бир йилда катта тажриба тўпладик. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барча шароитлар яратилди. Дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари захираси бугунги кунда касалхоналаримизда етарли. Муҳими, коронавирусга қарши курашиш бўйича ягона, ишончли тизим яратилган. Касалликдан даволаниш бепул.
– Эпидемиянинг тарқалиши юқори. Демак, вакцинация жуда муҳим, шундайми?
– Бир киши касалланса, бутун оилага тезликда тарқаяпти. Бу касаллик кириб келмаган оила қолмади. Шуни кўра- била туриб, вакцина мавжуд бўлиб, уни хор қилмаяпмизми? Ахир, айрим мамлакатлар аҳолиси бунга зор-ку!
Халқимизда “олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деган ибора бор. Ҳар нарсанинг қадрига ўз вақтида етайлик. Эртага кеч бўлиши мумкин. Ўзингизни ва сиз учун қадрли бўлганларни асранг. Вакцина олинг. Вақт ғанимат. Фурсат кутиб турмайди.
ЎзА мухбири
Моҳигул Қосимова суҳбатлашди.