Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияси Ўзбекистонда 2021 йил 28 июлдан кучга кирди.
Бизга маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция 2008 йил 3 майда кучга кирган. 2009 йил 27 февраль куни Ўзбекистон ушбу Конвенцияни имзолаган.
ЎзХДПнинг сайловолди платформасида ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан яхшилаш мақсадида партиянинг парламентдаги фракцияси орқали БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ратификация қилиш ташаббуси илгари сурилган эди.
Ўзбекистон Конвенцияни ратификация қилишга ҳар томонлама тайёрланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. 2020 йил 15 октябрда эса Ўзбекистон Республикасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар қабул қилинишида партия томонидан етмишдан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди ва унинг кўпчилиги мазкур ҳужжатларда ўз аксини топди.
Партиямиз Конвенциянинг кучга кириши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимояси учун қўшимча кафолатлар яратишга, қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.
Мазкур халқаро ҳужжат мамлакатимизда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан давлат органларининг жавобгарлигини кучайтириши билан аҳамиятли.
Конвенцияни кучга кириши, биринчидан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, иккинчидан, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш имкониятини яратади ва учинчидан эса аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш имконини беради.
Боймурод Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи