Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни нишонланди
Пойтахтимизда 18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Жалол Арашов уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг аҳамиятини аҳоли юксак қадрлаётганини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Қайд этилганидек, соҳада қабул қилинган муҳим дастур ва лойиҳаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилиши, энг аввало, ишчи-ходимларнинг фидокорона меҳнати, касбий маҳорати ва масъулияти самарасидир. Бугунги кунда пойтахтдаги кўплаб хонадон эгалари томонидан коммунал хизматлар сифати яхшиланаётгани мамнуният билан қайд этилиб, соҳа вакилларига чуқур миннатдорлик изҳор этилмоқда.
[gallery-28798]
Мамлакатимизда уй-жой коммунал хўжалиги тизимини модернизация қилиш, аҳолининг турмуш даражаси ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар сўнгги йилларда изчил ва тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар натижасида соҳада нафақат инфратузилма янгиланмоқда, балки хизмат кўрсатиш сифати, бошқарув самарадорлиги ҳамда қамров даражаси бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда.
Бугунги кунда республикада 45 минг 663 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларда 1 миллион 608 мингдан ортиқ хонадон жойлашган. Шундан 41 минг 848 та уй 1 минг 47 та бошқарув сервис компаниялари томонидан, 866 та уй 227 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан, 526 та уй бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилмоқда. Яна 2 минг 423 та уй турли идора ва ташкилотлар тасарруфида.
Бу кўрсаткичлар уй-жойларнинг қарийб 92 фоизи профессионал бошқарув тизими билан қамраб олинганини кўрсатади. Бу эса сўнгги йилларда соҳада бозор механизмлари ва рақобат муҳити шаклланганидан далолат беради.
- Соҳада таъмирлаш ва модернизация ишлари йилдан-йилга кенгаймоқда, - дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Озода Жўраева. - Сўнгги 9 йил давомида 3,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 51 мингга яқин кўп квартирали уй таъмирланди, 3,5 мингта лифт ускунаси янгиланди. 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 9 минг 812 та уйда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу ўтган мавсумдаги 5 минг 409 та уйга нисбатан қарийб 1,8 баробар кўпдир. Шу билан бирга, бошқарув ташкилотлари томонидан қўшимча равишда 6 минг 457 та уйда 117 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Бу хусусий секторнинг соҳадаги фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Коммунал хизматлар тизимида иссиқлик таъминоти алоҳида ўрин тутади. Республика бўйича 16 минг 610 та кўп квартирали уй ва 2 минг 543 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик таъминотига уланган.
2026 йилда қўшимча равишда 581 та уй ва 292 та ижтимоий объект ушбу тизимга уланди. Тизим инфратузилмаси 525 та қозонхона ва 3 710 километр иссиқлик тармоқларини ўз ичига олган. 2025 йилнинг ўзида 63 та янги қозон ўрнатилди, 144,4 километр тармоқ қурилди, 93,3 километр тармоқ таъмирланди. Энергия тежамкор технологиялар жорий этилиши натижасида 13,8 миллион куб метр табиий газ ва 15,2 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалди.
Ичимлик суви ва оқова сув тизимларини ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда 42 минг километрдан ортиқ ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 3,4 мингта иншоот қурилди ва реконструкция қилинди.
Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 63 фоиздан қарийб 83 фоизга етказилди. 2026 йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 85 фоизга етказиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич 82,8 фоизни ташкил этмоқда.
Оқова сув хизматлари билан қамров даражаси 21,8 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилда 883,8 километр тармоқ ва ўнлаб иншоотлар қурилиши учун 1,188 триллион сўм маблағ ажратилган. Коммунал соҳада рақамлаштириш жараёнлари ҳам кенг жорий этилмоқда. “Менинг уйим” биллинг тизими орқали қарийб 42 минг кўп квартирали уй ва 1,5 миллион абонент қамраб олинган.
“Хавфсиз лифт” платформаси орқали 17 мингга яқин лифт ускуналари доимий назоратга олинган. Шунингдек, “Турар жой” миллий ахборот тизими орқали уйларнинг техник ҳолати ва инфратузилма маълумотлари ягона базага жамланмоқда. Шу билан бирга, 703 та уйда ички иссиқлик тизимлари тикланмоқда. Бу орқали 30 минг хонадон ёки 105 минг нафар аҳолининг яшаш шароити яхшиланиши кутилмоқда. Шунингдек, 830 та чиқинди майдончаси, 878 та болалар майдончаси, 258 та умумий ҳожатхона қурилиши режалаштирилган.
Байрам тадбирида фидойи ходимлар меҳнати эътироф этилди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан тизимда кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган соҳа ходимлари ва меҳнат фахрийлари “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони, қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Ушбу натижалар ортида минглаб фидойи мутахассисларнинг меҳнати мужассам. Уларнинг касбий маҳорати, масъулияти ва меҳнатсеварлиги соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, коммунал хизматлар тизими келгусида янада замонавий ва самарали бўлиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбири