Устозлар учун байрам тадбири
Пойтахтимизнинг Миробод тумани ҳокимлиги томонидан олий таълим, ўрта махсус, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида таълим ва тарбия бераётган ўқитувчи ва мураббийлар учун байрам тадбири ўтказилди.
Пойтахтимизнинг Миробод тумани ҳокимлиги томонидан олий таълим, ўрта махсус, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида таълим ва тарбия бераётган ўқитувчи ва мураббийлар учун байрам тадбири ўтказилди.
Кўп йиллардан буён соҳада фаолият юритаётган фидойи ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, ташкилотчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Миробод тумани ҳокими Шуҳрат Пўлатов ва бошқалар сўзга чиқиб, соҳа ходимларини самимий муборакбод этди.
– Ўқитувчилик оддий касб эмас. У кишидан заҳмат чекишни, тинимсиз изланиб, ўз устида ишлашни талаб қилади. Мен мана шундай шарафли соҳа вакили эканимдан фахрланаман. Келажак авлодга зиё улашиш, уларга бой маънавий тарихимиздан сабоқлар бериш мени доим руҳлантириб келган, – деди Тошкент шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи тарих фани ўқитувчиси Ислом Иноятов.
– Йигирма йиллик фаолиятимда болаларни севдим, мурғак қалб соҳиблари билан ишладим. Уларнинг орзуларга тўла дунёсини англашга, қизиқишларига қараб тўғри касбга йўналтиришга ҳаракат қилдим ва бунга эришдим. Бугун муассасамизнинг ўнлаб собиқ тарбияланувчилари республикамизнинг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олишмоқда, – деди тумандаги 282-кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудираси Мавжуда Муҳаммедова.
Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирда ўқитувчи ва мураббийлар ҳақида шеърлар ўқилди, улар шаънига илиқ фикрлар билдирилди. Элимиз ардоғидаги санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқлар даврага файз улашди. Фаол ва заҳматкаш ўқитувчи ва мураббийлар туман ҳокимлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.