Урал Юсупов: “Геология соҳасига ташаббускор ёшлар керак”
Геология фанлари университетида Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов ёш олимлар ва тадқиқотчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Университет профессор-ўқитувчилари, докторантлар, ёш тадқиқотчилар ва илмий-тадқиқот институтлари ходимлари иштирок этган тадбирда илмий фаолиятни рағбатлантириш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда геология соҳасида илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида Урал Юсупов мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омилларидан бири сифатида илм-фан ва инновацияларнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, геология соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш учун билимли, ташаббускор ва янгича фикрлайдиган ёш кадрлар зарур.

– Бугунги кунда геология соҳаси олдида янги вазифалар турибди. Табиий ресурсларни чуқур ўрганиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва юқори самарадорликка эришишда ёш олимларнинг ўрни беқиёс. Илмий натижалар фақат назарий асос бўлиб қолмасдан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт эҳтиёжларига ҳам хизмат қилиши лозим. Шу боис, биз ёш тадқиқотчиларнинг ғоялари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – деди У.Юсупов.
Шунингдек, вазир ўринбосари архив материаллари билан ишлаш имкониятларини кенгайтириш, тадқиқот ишларини амалиётга яқинлаштириш ва илмий фаолият учун янада қулай муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Учрашувнинг савол-жавоб қисмида ёш тадқиқотчилар фойдали қазилмалар захираларини баҳолашда замонавий 3D моделлаштириш технологияларидан фойдаланиш, нефть ва газ конлари геологияси бўйича тадқиқотлар, туз конларини ўрганиш истиқболлари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қатор таклиф ва мулоҳазаларни билдирди.
Бундай мулоқотлар ёшларнинг илмий салоҳиятини юзага чиқариш, уларни соҳанинг долзарб масалалари ечимига жалб этиш ҳамда геология тармоғининг узоқ муддатли ривожига хизмат қилади. Тадбир якунида ёш тадқиқотчиларнинг таклифларини амалиётга жорий этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилиши айтиб ўтилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА