UNICEF: Ўзбекистонда она ва бола саломатлиги соҳасида муҳим натижалар қайд этилди
Бугун UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида “Ишонч” жамғармасининг оналик ва перинатал парвариш бўйича қўшма дастури якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда дастур доирасида эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, соғлиқни сақлаш тизимида жорий этилган илғор ёндашувлар тақдим этилди ҳамда оналар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш бўйича келгуси вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Швейцария ҳукумати, БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари (UNICEF, UNFPA, ЖССТ) мутасаддилари ва соҳа экспертлари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио ва бошқалар мазкур ҳамкорлик оналар ва чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, UNICEF, UNFPA ва ЖССТ томонидан амалга оширилган Оналик ва перинатал парвариш дастури учун йўналтирилган 43,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция “Ишонч” жамғармаси томонидан молиялаштирилган илк йирик лойиҳа ҳисобланади. Дастур мамлакат бўйлаб оналар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида салмоқли натижаларга эришиш имконини берди.
Хусусан, дастур доирасида республика бўйлаб 230 дан ортиқ перинатал марказ модернизация қилинди, 85 мингдан зиёд тиббиёт ходими малака ошириш курсларидан ўтди, миллий стандартлар ва клиник протоколлар янгиланди. Натижада қарийб 4 миллион аҳоли сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олинди. Шунингдек, туғруқдан олдинги парвариш ва она-бола саломатлиги бўйича ҳаётий муҳим маълумотлар қарийб 20 миллион нафар аҳолига етказилди.
[gallery-30085]
Тадбирда таъкидланганидек, уч йилга яқин вақт мобайнида ушбу дастур доирасида республика бўйлаб 230 дан ортиқ перинатал марказнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Илғор инкубаторлар, сунъий нафас олдириш ва анестезия аппаратлари каби ҳаётни сақлаб қолувчи тиббий ускуналарни харид қилиш учун 30 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов ўз нутқида дастурнинг аҳамияти ва унинг миллий соғлиқни сақлаш тизими ривожига қўшган ҳиссасига тўхталди.
–Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий ёрдамни мустаҳкамлаш, ихтисослаштирилган хизматларни ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш тизимига замонавий бошқарув механизмларини жорий этишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир аёл хавфсиз ҳомиладорлик ва туғуруқ хизматларидан баҳраманд бўлиши, ҳар бир чақалоқ эса ҳаётининг илк дақиқаларидан сифатли тиббий ёрдам олиши лозим.
“Ишонч 2030” дастурининг аҳамияти ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилиши билан белгиланади. Швейцария ҳукумати, БМТ агентликлари, UNICEF ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда тиббиёт муассасалари инфратузилмасини яхшилаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича салмоқли натижаларга эришилди. Энг муҳими, биз инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қиладиган ва дастур якунланганидан кейин ҳам самара берувчи барқарор тизимни шакллантирдик. Бугун дастур ўз ниҳоясига етган бўлса-да, бу жараённинг якуни эмас. Аксинча, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмоқда, – деди Элдор Одилов.
UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижионинг таъкидлашича, “Ишонч” дастури доирасида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди.
–Дастур доирасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, замонавий ёндашувлар жорий этилди. Оналар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати яхшиланди. Бу натижаларга давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва тиббиёт ходимларининг самарали ҳамкорлиги туфайли эришилди. Шу билан бирга, рақамли технологиялар, сифат стандартлари ва тиббий хизматларнинг барқарорлигини таъминловчи механизмлар жорий этилди.
Албатта, олдимизда ҳали кўп вазифалар турибди. Она ва бола саломатлигини янада яхшилаш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш ва аҳоли учун сифатли тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Ишончимиз комилки, мазкур дастур доирасида тўпланган тажриба ва шаклланган самарали ҳамкорлик келгусида ҳам мамлакатингиз соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади,– деди Реҳина Кастижио.
Қайд этилганидек, жорий этилган илғор амалиётлар, замонавий тиббий технологиялар ва бошқарув механизмлари соғлиқни сақлаш тизимининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Шу боис, давлат идоралари ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда оналар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА