Уммонлик инфлюенсерлар ва туроператорлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан танишмоқда
Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш мақсадида Уммоннинг машҳур инфлюенсерлари ҳамда туроператорлари учун мамлакатимиз бўйлаб таништирув сафари ташкил этилди.
Мазкур ташриф Маскат – Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани муносабати билан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг бой туризм имкониятларини Уммон бозорида кенг тарғиб этишдан иборат.
Сафарнинг биринчи кунида меҳмонлар Тошкент шаҳрининг асосий диққатга сазовор масканлари, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази билан танишди. Шунингдек, Тошкент вилоятидаги “Амирсой” тоғ-чанғи курортида Ўзбекистоннинг тоғ туризми салоҳияти намойиш этилди.
Дастурга мувофиқ, иштирокчилар Жиззах вилоятидаги Зомин туристик-рекреацион ҳудуди ҳамда Самарқанд шаҳрига ҳам ташриф буюради. Улар ушбу ҳудудларнинг тарихий-маданий мероси, замонавий туризм объектлари, меҳмонхона инфратузилмаси ва транспорт тизими билан яқиндан танишади.
Таништирув сафари якунлари бўйича Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари Уммоннинг ижтимоий тармоқлари ва профессионал туризм платформаларида кенг ёритилиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатимизга бўлган туристик қизиқишни янада ошириш, шунингдек, Ўзбекистонни Уммон сайёҳлари учун жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА