“Умид” республика босқичига боради
Бухорода “Турон” мактаб театри республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танлов мактабгача ва мактаб таълими, маданият бошқармаси ҳамда “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Театр ўқувчиларни болалигидан бошлаб адабиёт, санъат ва маданиятга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига гўзаллик ва эзгуликни сингдириш, дунёқарашини шакллантиришда муҳим ўрин тутади, – дейди Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбонов. – Умумий ўрта таълим масканларидаги театр студиялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали ҳудудларда театр маданияти ва санъатини ривожлантириш мақсадида 7-10-синф ўқувчилари ўртасида “Турон” мактаб театри республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган мазкур танловда 13 та жамоа иштирок этди. Жамоалар “Бизнинг мактаб” таништирув, “Маданият ва санъат билимдони” савол-жавоб, “Театр – ибратхона” саҳна спектакллари шартлари асосида маҳоратларини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, Когон шаҳридаги 3-мактабнинг “Умид” жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Индира Холдорова қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири