Украина ва АҚШ делегациялари учрашув ўтказди
Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Украина ва АҚШ делегациялари учрашув ўтказгани ҳақида ёзган. Мулоқотда Америка томонидан Стив Уиткофф, Жаред Кушнер, армия котиби Дэниел Дрисколл ва Оқ уй расмийси Жош Груенбаум, Украина томонидан эса Умеровдан ташқари Кирилл Буданов ва Давид Арахамия вакиллик қилгани айтилмоқда.
Томонлар иқтисодий тараққиёт ва фаровонлик режаси, шунингдек Украина учун хавфсизлик кафолати масаласини батафсил муҳокама қилишган. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ амалий механизмларга урғу берилган. Киев делегацияси америкалик ҳамкорларни Россия Украина энергетика инфратузилмасига яқинда уюштирган ҳужумдан ҳам бохабар этган.
Якунда келаси ҳафта Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида кечадиган маслаҳатлашувнинг кейинги босқичида жамоавий даражада ишлашни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилган.
С.Раҳимов, ЎзА