Куни кеча “Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти” давлат муассасасида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Унда ушбу илмий муассаса директори Одаш Қаршиев, Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги илмий ҳамкорликнинг долзарблиги ҳамда геология соҳасидаги халқаро тажриба алмашинуви Ўзбекистон геология мактабини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Анжуманда геологик моделлаштириш, сейсмик маълумотларни таҳлил қилиш, углеводород конларининг истиқболлилигини баҳолаш ҳамда замонавий 3D сейсмология технологияларини амалиётда қўллаш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Илмий муассаса директори Одаш Қаршиев қайд этганидек, бугунги кунда нефть ва газ конларини чуқурроқ ўрганиш, уларнинг геологик тузилишини тўғри баҳолаш ҳамда замонавий сейсмологик технологияларини амалиётга жорий этиш жаҳон илмий ҳамжамияти олдидаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
– Шу нуқтаи назардан бу анжуман нафақат илмий тажриба алмашиш, балки янги ҳамкорлик йўналишларини белгилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Асосий мақсадимиз нефть ва газ конларининг геологик тузилишини чуқур ўрганиш ҳамда истиқболли қатламларни аниқлаш. Бу йўналишда илмий лабораторияларимиз замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Айни пайтда биз нафақат мамлакат ичида, балки хорижий илмий марказлар билан ҳам ҳамкорликни кенгайтиряпмиз. Бу нафақат илмий салоҳиятни оширади, балки ёш мутахассислар учун катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади, – деди О.Қаршиев.

Муҳокама чоғида иштирокчилар геологик тузилмани аниқлашда янги ёндашувлар, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва ёш олимларни илм-фанга жалб этиш масалаларида ўз таклифларини билдирдилар.
Анжуманнинг иккинчи куни хорижий меҳмонлар учун Ўзбекистон Давлат геология музейига экскурсия уюштирилди. Ташриф давомида меҳмонларга мамлакатимизнинг геологик тарихи, фойдали қазилмалар турлари ва замонавий илмий тадқиқот ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбир якунида барча иштирокчиларга эсдалик совғалари ва сертификатлар топширилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА