Уч ой-ю саккиз кун
– Ҳаммамиз Абдулла Қодирийни эслаймиз, Кумуш билан Отабекни гапирамиз, лекин уни билмаймиз.
– Ҳаммамиз Абдулла Қодирийни эслаймиз, Кумуш билан Отабекни гапирамиз, лекин уни билмаймиз. Билсак ҳам, тўла англаб етмаймиз. Бир халқнинг ёзувчиси, матбуотнинг илғор вакили сифатида унинг бошига нималар тушмади? Қодирий бор-йўғи 44 йил яшади, 18-19 ёшида матбуотга кириб келган бўлса, 20 йилдан ортиқ ижод қилди. Тинмасдан ёзди, газетага ёзди, журналга ёзди. Лекин бир саволга жавоб тополмади: нима қилсак халқимиз бошқача яшайди? Тафаккури, дунёқараши қачон ўзгаради? Бунинг учун камчиликларни йўқотиш керак эди. Шунинг учун ҳали у, ҳали бу муаммони қаламга олди. Энг пастдан энг юқоригача ёзди.
Истеъдодли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг “Ёлғиз” қиссаси асосида яратилган “Жинлар базми” спектакли премьерасида шундай фикрларни билдирди. Ўзбекистон давлат драма театрининг бош режиссёри Олимжон Салимов томонидан саҳналаштирилган мазкур спектакль тақдимоти Қодирийни томошабинга янада яқинлаштирди, янада танитди.
1926 йил. Маориф ходимлари қурултойида Йўлдош Охунбобоев, яна бир шундай йиғилишда Акмал Икромов маъруза қилди. Қодирий уларнинг нутқидаги мулоҳазаларни халқнинг ҳақиқий ҳаётидан анча узоқда эканидан ёзғирди. Биргина қалам 30-40 сўм, оддий одам бешта боласига уни қандай олиб берсин. Ёки 60-70 сўмлик дафтарни-чи, деган саволларни кўндаланг қўйди. Бу ўзининг дарди эдими? Йўқ! Ҳамманики, халқники эди. У буларни “Йиғинди гаплар” мақоласида жамлаб, “Муштум”да чоп этди. Халқнинг дардини куйиб, ёниб ёзган шугина мақоласи учун “юқоридагилар”нинг топшириғи билан қамоққа тушди. Қаламини синдириш учун шундай йўл тутишди. Қодирий уч ой-ю саккиз кун қамоқхонада сақланди. Бир ўзи. Ёлғиз. Спектакль айнан шу кулфат ҳақида.
– Отга қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек – маориф шўросига салом!
– Кўринган ер оқ салла, оқ бўлса ҳам бўш калла, оқу қора ҳам малла – Туркистон уламоларига салом!
Спектакль шу тахлит келин салом билан бошланди. Шу саҳнада хурсандчилик, ўйин кулгу оғушидаги халқнинг тобора хароб бўлиб бораётган аҳволидан бехабарлиги ва айни пайтда чорасизлиги ҳам яққол кўзга ташланади.
Қодирий “Йиғинди гаплар”ни қаламини сиёҳга эмас, заҳарга ботириб, ботириб ёзгани, киноя, мазах, кулгу билан замона зайлидан бўзлагани дўсти Восий томонидан танқид қилинганда, Қодирий тилидан шундай фикрлар билдирилди:
Энг катта жиддийлик кулгуда эмасми? Матбуот кулгуси бу майнавозчилик эмас. Бунинг ҳаммаси аламдан, аччиқдан.
У шу фикрида собит турди. Қоронғу қамоқхонада ёлғизликда, ҳатто очликда ўтган кунлар ҳам унинг бу эътиқодини синдирмади, синдиролмади.
Спектаклда саҳна либосларидан тортиб, ҳар бир жиҳоз шунчаки безак туфайли эмас, рамзий маъно ифодаси учун қўлланилганини зийрак томошабин илғаши тайин. Масалан, Қодирийнинг дўстлари мақола ортидан уни айбдор қилиб, рус зобитлари олдида ўзини оқлаганда уларнинг ҳар бирининг қўлига мусиқий асбоб туткизилади. Бу билан томошабин кўз олдида ўша пайтларда бировнинг ноғорасини чалган, ўйнаган, ҳақиқат юзига тик боқишга юраги дов бермас қўрқоқлар қиёфаси жонланади.
1926 йилнинг 8 мартидан 27 июлига қадар. Бу вақт оралиғида Қодирий турли қамоқхоналарда ҳибсда сақланган лавҳаларнинг ҳар бири таъсирли, ҳар бири аламли. Бу пайт Қодирий гоҳ Юсуфбек ҳожи, гоҳ Отабек билан хаёлан дардлашди. Уларда муаллиф, унинг қаҳрамонлари маслаги бир нуқтада туташди, руҳиятдаги тебранишлар бир нуқтада бирлашди.
Қизи билан хаёлий суҳбатда эса Ростгўй амаки, яъни ўзининг бошига тушган савдоларни эртак қилиб сўзлаб берди. Шундай кўринишларнинг бирида Қодирийнинг дўстлари “Йиғинди гаплар ачиган, сассиган, бижиган гаплар” дея ноғорасини чалиб, пайдо бўлди. Шунда у:
“...Шундай қилиб, Ростгўй амаки, ўз ниятида қатъий туриб олибди. Унинг дўстлари ҳам билганларидан қайтишмабди. Улар ҳамма гуноҳни бир овоздан Ростгўйнинг бошига ағдариб қўйишибди, болам. Унинг атрофида айланаётганлар дўстлари бўлиб чиқмабди. Мунофиқлар, жинлар Абдулланинг атрофида гир айланиб, улар базм қилишибди. Бу базм жинлар базми эди. Жинлар базми”.
Томошабин учун спектаклга танланган номнинг сабаби шу билан ойдинлашади, назаримизда.

Қодирийнинг қамоқхонада бирор марта сўроқ қилинмай, руҳий азоблар исканжасида қовурилган ҳолати томошабинга ҳам юқмай қўймади. У куйинганда куйиб, замондан дод деганда ич-ичидан исён, ғалаён туғилади одамда. Шунинг учун ҳам унинг озод этилиш саҳнаси томошабинларнинг қарсаклари, олқишлари билан қарши олинди.
Қодирийни уйда онаси, қизи, ўғли, турмуш ўртоғи ва чақалоғи оқ либосда кутиб олди. Бу адолат тантанаси, эзгулик ғалабаси бўлиб туюлади. Мана, сизга яна бир рамзий маъно.
Асар якунида Қодирийнинг дўстлари яна пайдо бўлди. Бу гал улар ноғораларни четга улоқтирди. Ёзувчи ва “содиқ” дўстлар билан суҳбат бошланди:
– Абди, дўстим биз шу ердамиз. Сен билан бир сафдамиз, дўстим!
– Мен қайси сафдаман, хўш?
– Барчамиз бир сафда...Абди, ёлғизмисан, дўстим?!
– Йўқ! Мен... ёлғиз эмасман...
Айни шу топда саҳнага Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожи, Ҳасанали каби образлар чиқиб келди. Ана Қодирийнинг ҳақиқий дўстлари, маслакдош йўлдошлари!
Сиз ҳам улар билан учрашмоқчи бўлсангиз, албатта, спектаклга боринг.
