Туяқушлар Оролбўйи иқлимига мослашмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида мамлакатимизда янги тизим ва ёндашув — “Зарбдор тажрибаси” асосида иқтисодий ўсишни таъминлаш, мавжуд имконият ва захираларни аниқлаш, уларни самарали ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, тумандаги Навоий овули фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ҳамдам Сайдабдуллаев хонадонида қиймати 450 миллион сўмлик лойиҳа доирасида паррандачилик (туяқуш), чорвачилик, балиқчилик ва деҳқончилик ташкил қилинди. Шундан паррандачиликда йилига 150 миллион, чорвачиликда 30 миллион, балиқчиликда 30 миллион, боғдорчиликда 20 миллион, жами 230 миллион сўм соф даромад олмоқда. Бугунги кунда 15 бош қорамол, 30 бош туяқуш жўжаси, 2 мингга яқин балиқ чавоғи парвариш қилинмоқда.
– Туяқуш боқаётган фермерларнинг фаолияти билан ижтимоий тармоқлар орқали танишиб, шу ишга қўл уришни мақсад қилдик, – дейди ишчи Зарифбой Отаджанов. – Шундан Фарғона вилояти Риштон туманидан олтита туяқуш олиб келиб иш бошладик. Ҳозир уларнинг сони 30 бошга етди. Туяқуш жуда тез кўпаядиган, касалликларга чидамли, иммунитети юқори жонивор ҳисобланади.
[gallery-30307]
Буни боқишдан мақсад аҳоли саломатлигига фойдали бўлган гўшт етиштиришдан иборат. Хонадонимизда икки инкубатор ишга қўшди. Уларга қўйилган тухумлар 38-45 кун атрофида жўжа чиқаради. Жўжалари 1 миллион 500 сўм атрофида сотилмоқда. Яхшилаб парвариш қилинса, жўжаси бир йилда 50 килограммгача гўшт беради. Ҳозирда маҳсулотларни мамлакатимиз вилоятларига, Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларига етказиб бермоқдамиз. Яқинда Россия Федерацияга икки бош ҳамда тухумлар экспорт қилинди. Туяқушнинг гўшти ва ёғи ҳам инсон саломатлигига фойдали эканлигини ҳисобга олиб, келажакда туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотларига шартнома асосида етказиб беришни мақсад қилганмиз.
Навоий овули фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Бунёдбек Қўчқоровнинг таъкидлашича, Ҳамдам Сайдабдуллаев хонадонининг туяқуш боқиш ташаббуси бугунги кунда ҳудуд аҳолисида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари