Президентимиз фармонига кўра “Дўстлик” ордени билан тақдирланган фарғоналик Одилжон ҳожи Ҳамидовга қўнғироқ қилиб, юксак мукофот билан самимий табрикладик. Аслида бу танти инсон билан узоқ йиллар илгари танишган, қисқа муддатда эришган ютуқларини кўриб ҳайратимиз ошган, камтарлиги, тантилигига ҳавасимиз келган эди.
Серқатнов кўча бўйидаги савдо дўкони, омихта ем сотиш шохобчаси, чорвачилик фермаси ва яна чойхона. Ўша чойхонага келган киши бемалол шу ерда ётиб қолиши ҳам мумкин эди. Чунки мулк соҳиби меҳмондўст ва яхши суҳбатдош. Одилжон ака билан ўтириб зерикмайсиз, исталган мавзуда узоқ ва мазмунли гурунглашиш мумкин. Тадбиркор кўпчилик уйда қолишга мажбур бўлган, чекловлар кучайган пандемия даврида ҳам тингани йўқ. Сархил меваларга тўла боғ, кичик балиқ хона, турфа хил ўсимликларга тўла иссиқхона. Булар Одилжон ака бош бўлган аҳил жамоанинг меҳнат маҳсули. Шунингдек у чорва молларини кўпайтиришга, туячиликни ривожлантиришга ҳам астойдил киришди. Айрим кунлари фермада иш жараёнини кузатиб қолиб кетарди ҳам. Аслида Одилжон ҳожининг туячиликка қизиқиб қолгани бежиз эмас. Шунинг ўзи бир тарих.

Бундан ўн йиллар чамаси аввал у оғир хасталикка чалиниб қолди. Шифокорлар беморни беш- ўн кун даволаб, обдан текшириб бўлишгач “жигар циррози, ўтиб кетибди, буни давоси йўқ”, дейишди. Албатта бу гапни унинг ўзига эмас, яқинларига айтишди. Шу тариқа бемор касалхонадан уйга қайтди. Кўпни кўрган инсон ўғлининг юзига қараб билдики, аҳволи оғир. Юрагида санчиқ турди, наҳотки ҳаммаси тамом бўлса, деб ўйлади. Ўрнидан аранг туриб у ёқ бу ёққа юрган бўлди. Уч-тўрт кун ўтиб дард кучайди, бемор тўшакка михланиб қолди. Шифокорларнинг якуний хулосасини у ғойибона - хотинининг ўта меҳрибон бўлиб қолгани асносида сезди, руҳи баттар чўкди. Аллоҳнинг инояти экан-да деди. Ана шундай рутубатли кезда кимдир гап топиб келди: “Хўжаободда бир туячи табиб бор экан, анча-мунча дардни туя сути билан даволаётган экан.” “Борайлик, кўрайлик”, деди бобо ўғлига. Не ажабки, Хўжаободдаги табиб ҳам жигар касалга чалинган, оғир операцияни бошидан кечирган, шифокорлар унинг қариндошларига ҳам худо умр берсину, кўп яшамайди, деган экан. Ўша хўжаободлик табиб ҳам оз-оздан туя сути ичиб оёққа турганмиш.

Хўжаободлик табибнинг сўзларини тинглагач Одилжон аканинг кўзлари порлаб кетди. Унда умид уйғонди, табиб буюрганига тўлиқ амал қила бошлади ва не ажабки, тўшакка михланиб қолган одам ўн кун ўтмай оёққа турди, яна озгина фурсатдан кейин қувонганидан рақсга тушиб кетди. Хўжаободлик Дилмурод табибнинг шифохонасидан қайтгач ҳожи акамиз тағин шифокорларга учради. Аниқландики, “цирроз” балоси буткул йўқолган, жигар тикланган, ички аъзоларда ҳам иллат йўқ.
Одилжон ҳожи шу заҳоти Дилмурод табибга сим қоқди: “Сиздан беҳад миннатдорман, қиёматли укам бўлдингиз энди, нима ёрдам бўлса берай, фақат изн сўрамоқчиман. Мен ҳам туя олиб боқсам, элга нафим тегса, сизни ранжитиб, мижозларингизни камайтириб қўймайманми, шунга нима дейсиз?” – деди.

– “Бемалол, ака, Заркент билан Хўжаобод орасидаги масофа жуда узоқ, қолаверса, биз бир сабабчи, шифо Аллоҳдан”.
Бу жавобдан ҳожи ака руҳланиб кетди. Туячиликни ривожлантириш, топган тутганини сарфлаб сайёҳлик мақомига эга бўлган шифохона қуришга киришди.
– Аввало китоблар, турли нашрларни варақлаб туя боқиш сир-асрорларини ўргандим, – дейди Одилжон ҳожи. – Ислом оламида бу жониворнинг нечоғлик қадрли бўлганини ўқигач янада руҳландим. Пайғамбаримиз с.а.в ҳам туя боққан, шу жониворга меҳр қўйган экан. Бундан ташқари, ўзим туя сутини ичиб соғайдим. Ана шу сабабларга кўра, қўшни қишлоқдан бир бош соғиладиган туяни бўталоғи билан сотиб олдим. Шу жониворни парваришлаш жараёнида кўп нарсаларга эътибор қаратдим. Шу туя кунига 3 литр сут берарди, ўша сутни синглимга ичирдик. Чунки унинг бўқоғи бор эди. Яна бир қариндошимизни ошқозонида иллат бор эди. Буни қарангки, иккови ҳам соғайиб кетди. Ўша пайтлар Фарғона вилоятида туя боқиш урф эмасди, ҳеч бир тадбиркорда туя йўқ эди. Сўраб суриштириб Қашқадарёдан 10 бош туя топдим ва уларни Заркент қишлоғидаги фермамга олиб келдим. Шу тариқа туя сути билан даволашга йўналтирилган шифохонамизга асос солдик.

“Водий туялари” фермер хўжалиги ва “Сарбон шифо” соғломлаштириш маркази асосчиси Одилжон Ҳамидовнинг эътироф этишича, бугун фермада 120 бошдан ортиқ туялар парвариш қилинмоқда. Барча қулайликларга эга бўлган ва 3 юлдузли меҳмонхонани эслатадиган марказда 60 нафардан ортиқ чет эл ва республикамизнинг турли вилоятларидан келган беморлар даволанмоқда. Малакали мутахассисларга Одилжон аканинг ўзи бош-қош. Чунки у табобат илмининг билимдонига айланган, тегишли ташкилотлардан ҳужжати бор ва яна Ўзбекистон табобат академиясининг аъзоси ҳисобланади.
Реклама қиляпти демангу марказнинг айрим жиҳатларни айтиб ўтмасам бўлмайди. Бу даргоҳдан ҳеч ким пулим куйди, самараси бўлмади, деб кетгани йўқ. Келаётганларнинг ҳам кетаётганларнинг ҳам қўли кўксида. Даволаниш муддати кўпи билан 21 кун. Нархи катта шаҳарлардаги нархдан анча арзон, муҳими бу ернинг ҳавоси тоза, бир томони боғ, яна бир томони гулзор. Деразадан янтоқ чайнаётган туя ва бўталоқларни томоша қилиш мумкин. Мулк эгаси европалик киборлар сингари бинонинг меъморий ечимига ҳам, меҳмонлар учун турли қулайликлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратган.

– Энг муҳими кайфият. Тузалишга бўлган ишончни уйғотишда. Касалнинг юрагида ҳаётга умид учқуни пайдо бўлса шунинг ўзи биринчи малҳам. Чунки бу ерга келадиган кишиларнинг кўпчилиги ички аъзоларидан нолийди. Баъзиларини уколь олаверганидан кўнгли зада бўлган, баъзилари ҳаётдан умидини узган. Беморларимизнинг аксарияти шунақа кишилар. Биз буюрган парҳезга амал қилиб, туя сутини ичинг, худо насиб этса, соғайиб кетасиз, деймиз. Шундай бўляпти ҳам, – дейди Одилжон Ҳамидов.
Тошлоқда, Заркент қишлоғида бўлган кун ҳожи бобо қурдирган сиҳатгоҳда бир кун меҳмон бўлдим. Туячилик фермасидаги иш жараёни, соғломлаштириш марказидаги ҳаётни кузатдим. Тунги ой шуъласи фақат шу ерга тушаётгандек туюлди. Туяларнинг кавшаниши, беморларнинг шивирлаб гаплашиши қулоққа элас, элас эшитилади. Куз ҳавоси бўлсада ташқарида кўйлакчан юрса бўлади, навбатчи шифокор ҳам фаррошлар ҳам тунда ухлашмас экан. Кимдир телевизор томоша қиляпти, яна кимдир ҳовлидаги гулларга шайдо, яна кимдир телефон шайдоси. Газета ва журналлар тахлами қўйилган жойдаги “Шифо инфо ”журнали эътиборимни тортди, унинг юзида ҳожи бобонинг сурати, ички саҳифада каттагина мақола эълон қилинган. Унда шу даргоҳда шифо топган одамларнинг сўзларини ўқидим.
– Мен АҚШда яшайман, асли Олмалиқ шаҳриданман. Жигарим хаста эди, ухлолмасдим, тағин томир тортишиш, жиғилдон қайнаши доимо безовда қиларди. Энг зўр шифохоналарда даволандим, фойдаси тегмади. Шу ерда келиб 21 кун даволандим, туя сутини ичиб соғайдим. Раҳмат, ҳожи акага, – дейди Машрабжон Дадажонов.

– Интернетда ўқиб шу ерга даволангани келувдим. Ички аъзоларим касаллигидан азоб чекардим. Туя сути ичганимдан кейин хотиржамлик туйдим. Ҳозир отдайман. Уйга қайтгач мени танимай қолишса керак, – дейди қувончини яширмай Қирғизистондан келган бемор Марсия Қодирова.
Марказда хасталиги турли даражада бўлган ва ҳар хил характердаги одамлар билан суҳбатлашиб билдикки,туя сути ўз мўъжизавий қудратини кўрсатмоқда. Ким билан суҳбатлашманг, бу ерга келганидан жуда хурсанд. Ҳожи бобо кам таъминланган, моддий аҳволи ночор беморларга тўлов борасида имтиёз ҳам яратиб бермоқда. Шунингдек, Заркент қишлоғидаги кам таъминланган оилалар ҳам мулкдорнинг кўмагидан баҳраманд, аммо бунинг кўлами ҳақида ҳожи бобо айтгиси келмади. “Аллоҳга маълум-ку, унга мунча, бунга шунча бердик, дея эҳсонни тилга олсак савоби қайда қолади, деди кулиб. Сўнг ҳожи бобо бироз ўйланиб шундай деди:
– Ҳамма нарса меъёрда. Туя сутини ичишда ҳам, парҳез қилиш, юриш-туришда ҳам шундай. Аслида Аллоҳ бандасига бу ҳаётни синов учун бердими, қадрига етмоқ керак. Ошқозонни қоп, деб ўйлайдиганлар қаттиқ адашади, ички аъзоларимиз бизни қаддимизни кўтариш, ақлимизни ишлатиш учун керак бўладиган кучни бериши, овқатланиш шунга яраша сифатли бўлиши керак. Ўз вақтида кам-кам овқатланинг, ички аъзолар азобга қолмайди, ҳаётингиз янада гўзаллашади, ўзингиз ҳам ёшарасиз. Аслида бутун иллат очкўзликда, нафсни тия олмасликда. Биз 21 кун ичида беморларга ўз нафси, танаси устидан ҳукмрон бўлишни ўргатамиз. Сирли жойи йўқ, туя сути организмни иллатлардан, хасталикдан тозалайди, шу орқали оғир касаллар ҳаётга қайтмоқда. Бу йўлда биз бир воситачимиз холос. Ҳаммаси Аллоҳнинг марҳамати. Яна бир гапни алоҳида таъкидлашим керак, шуни албатта ёзинг, яратганнинг инояти билан туя сути мени муқаррар ўлимдан сақлаб ҳаётга қайтарди. Шу боис олдимга нажот истаб келаётган беморларга янада фойдали бўлсин, дея туяларимни асосан тўлиқ пишиб етилган янтоқ пичани билан боқяпман. Бундан озуқани 120 бош туяга узлуксиз етказиб бериш осон ҳам, арзон ҳам эмас, аммо аҳил жамоамиз билан барчасига улгуряпмиз. Мақсад – ҳалол меҳнат ва ақл билан ризқ топиш, қишлоқдошларимга янада кўпроқ иш ўрни яратиш, эзгуликка ошно бўлиш.
Абдунаби Эргаш ўғли
ЎзА