Туркиялик мутахассислар иштирокида мураккаб операциялар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан Туркиянинг малакали шифокорлари гуруҳи юртимизга таклиф этилиб, эҳтиёжманд болалар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ва мураккаб операция амалиётлари ташкил этилмоқда.
Жорий йил март ойида “Соғлом келажак” акцияси доирасида Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббий кўриклар ўтказилиб, 34 нафар болада юқори технологияли операция амалиётларини амалга ошириш зарурлиги аниқланган эди.
[gallery-28632]
Шу асосда 6–9 апрель кунлари Туркиянинг нуфузли клиникаларидан ташриф буюрган мутахассислар томонидан саралаб олинган бемор болаларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Маълум қилинишича, хорижлик шифокорлар бу каби хайрия тадбирларида илгари ҳам иштирок этган бўлиб, Фарғона, Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам тиббий кўриклар ва операциялар амалга оширилган.
Эътиборли жиҳати, мазкур операциялар Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тўлиқ молиялаштирилиб, беморлар учун бепул ташкил этилди.
Операциялар асосан умумий хирургия, пластик жарроҳлик ва бошқа йўналишларда ўтказилиб, маҳаллий шифокорлар учун ҳам амалий тажриба ва маҳорат дарси вазифасини ўтамоқда.
Шунингдек, операциядан кейин беморлар хорижлик мутахассислар назоратида бўлиб, уларнинг саломатлиги мунтазам кузатиб борилмоқда.
Бу каби ташаббуслар аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА