Туркияда яшаш учун рухсатнома нархи кескин оширилмоқда
Туркияда яшаш учун рухсатнома олиш нархи кескин оширилди. Ушбу қоида 1 майдан кучга кирди. Миграция бош бошқармаси маълумотига кўра, айрим тоифалар учун тўлов 930 фоиз кўтарилди. Айни ҳолат амалдаги миграция тўлови тизимини сезиларли даражада ўзгартиради.
Илгари кўпчилик хорижий фуқаролар яшаш учун рухсатнома учун йилига тахминан 85 доллар тўлар эди. Энди эса олти ой учун 315, уч йилга 1857 доллар ажратишга тўғри келади. Бундан ташқари махсус рўйхатга киритилмаган мамлакатлар учун ҳисоблаш тартиби ўзгарди. Ойлик бадал янги тизим ёрдамида ҳисобланади ва якуний миқдор онлайн ариза тизими орқали аниқланади.
Мазкур қоида қисқа муддатли ва оилавий яшаш, кўчмас мулк эгаси учун, инвестиция ва таълим дастури билан боғлиқ рухсатномалар каби, деярли, барча асосий тоифаларга тааллуқли. Ишлаш учун рухсатномага тўлов ҳам сезиларли даражада ошиши кутиляпти. Фақат университет талабалари ва баъзи дастурлар бундан мустасно. Узоқ муддат яшаш рухсатномасига эга айрим тоифалар учун фақат асосий карта бўйича тўлов қилиш билан боғлиқ аввалги тартиб сақлаб қолинади, дейилган “Turkiye Today” нашри эълон қилган хабарда.
С.Раҳимов, ЎзА