Туркия туризм мавсумига тайёр
Туркия ёзги туризм мавсумига юқори даражада ҳозирлик кўрмоқда. Ушбу мамлакат хавфсиз туризмни сертификатлаш дастури биринчилардан бўлиб йўлга қўйган. Ҳозиргача жами 9 минг 800 дан ортиқ туризм объекти ва транспорт воситаларига хавфсиз туризм сертификати берилган.
Туркия сайёҳлик бозори ҳақида маълумот берувчи goturkiye.com сайти хабар беришича, июнь ойидан бошлаб мамлакатда 30 ва ундан ортиқ ўринли меҳмонхоналарда мазкур сертификат бўлиши мажбурий қилиб белгиланди. Шунингдек, миллий эмлаш дастури доирасида туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи ходимлар биринчилардан бўлиб эмланди.
“Сайёҳлар хавфсизлиги биринчи масала”
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойга асосланиб хабар қилишича, Анталияда хорижий элчилари иштирокида ўтказилган тадбирда мамлакатда 2021 йил ёзги мавсумга тайёргарлик ҳақида маълумотлар берилган.

“Туркия 2020 йил июнь ойида дунёда хавфсиз туризм сертификатини жорий қилган илк давлатлардан бири бўлди. 2020 йилда юртимизга 16 миллион сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг хавфсизлиги ва саломатлиги биз учун ортда қолган йилдаги энг муҳим масала эди. Амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида сертификат дастуримиз жаҳондаги энг муваффақиятли ислоҳотлардан бири деб эътироф этилди.

Аввало, 30 ва ундан кўп ўринли меҳмонхоналар учун сертификат дастурини мажбурий этиб белгиладик. Шунингдек, сертификат олган тадбиркорлар учун назоратни кучайтирдик. Миллий эмлаш дастури доирасида бугунги кунга қадар Туркияга фуқаролари 27 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилди. Эмлаш дастури доирасида туризм соҳаси ходимлари биринчилардан бўлиб эмланмоқда ва бу иш янада жадаллашади”, деган Меҳмет Нури Эрсой.
2021 йил Туркияда хавфсиз туризм йили бўлади
Туркия ўтган йил хавфсиз туризм йўналишида етакчи давлатлардан бўлган. 2021 йилда эмлаш дастури туфайли сайёҳлар учун янада хавфсиз саёҳат қилиш имкони яратилади. Мамлакат 10 мингдан ортиқ халқаро сертификатга эга туризм муассасалари билан 2021 йилги ёз мавсумга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради Туркия элчихонаси.
Юлдуз Ўрмонова тайёрлади