Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғон ижтимоий тармоқ орқали Истанбулдаги зилзила туфайли шаҳарда жиддий муаммо юзага келмаганини маълум қилди. Етакчи таъкидлашича, расмийлар тўлиқ ҳушёр туришибди.
Маълумки, куни кеча Истанбул қирғоғи яқинида, Мармара денгизида соат 12:49 да 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Мамлакат Табиий офатларни бошқариш бошқармаси (AFAD) маълумотига кўра, қурбонлар қайд этилмаган.
– Мувофиқлаштирувчи йиғилишда энг сўнгги маълумотларни олдик, жорий вазиятни баҳолаб, зилзила оқибатини камайтириш учун кўрилган чоралар ва галдаги вазифаларни белгилаб олдик, – деди давлат раҳбари. – Қидирув-қутқарув ишлари натижасида зилзила сезилган шаҳарларда муаммоли вазият юзага келгани йўқ. Яхшиямки, қурбонлар йўқ.
Фуқароларимиз хотиржам бўлиши мумкин. Барча бўлинмалар 24/7 режимида ҳушёр, мамлакатимиз манфаати учун ишлашда давом этади.
Ҳукумат кучли ер силкинишидан кўрилган зарарни баҳолай бошлаган. Бу ҳақда ички ишлар вазири Али Эрлиқоя ижтимоий тармоқда маълум қилди.
Аввалроқ AFAD ер кучли қимирлаши натижасида деворлар силкиниб, қандиллар чайқалгани, электр қуввати қисқа муддатга ўчгани, интернетда узилиш бўлганини тан олганди.
Сўнгги хабарларга кўра, асосий зарбадан сўнг 184 марта қайта силкиниш (афтершок) кузатилган, етти бор магнитуда 4 дан юқорига кўтарилган.
– Ер ости силкиниши яқин кунларда маълум муддат давом этади, - дейилган махсус баёнотда.
Мутахассислар зилзиладан кейин бузилган уйларга кирмасликни маслаҳат бермоқда.
Шимолий Анадолу ёриғининг бир тармоғи Мармара денгизи ҳудуди, Истанбул қирғоғидан ўтган.
– Олимлар шу минтақада яна 7 магнитудали кучли зилзила кузатилишини башорат қилмоқда, – дейди сейсмология профессори, муниципалитетнинг зилзила масалалари бўйича олимлар кенгаши аъзоси Халук Эйидўғон “РИА Новости” агентлиги мухбири билан суҳбатда. – Табиий офатнинг иқтисодий оқибати бутун мамлакатда сезилади.
Истанбул ҳокимлиги ҳисоб-китобига кўра, 7,5 магнитудали зилзила содир бўлса, шаҳардаги 90 000 га яқин бино вайрон бўлади, 4,5 миллионча фуқаро вақтинча уй-жойга муҳтож бўлади. Суғурта компаниялари тахминича, эҳтимолий молиявий зарар 325 миллиард доллардан ошиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА