Туризм кўчалари кўпайтирилади
Мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришда туризмнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Шу нуқтаи назардан ҳам Наманган вилоятида туризм салоҳиятини янада яхшилаш мақсадида бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоятнинг асосий туризм манзилларидан саналган Чортоқ, Янгиқўрғон, Поп, Косонсой ва Чуст туманларида аҳоли ҳамда сайёҳлар учун барча қулайликларга эга туризм масканларини ташкил этиш бўйича мастер-режалар ишлаб чиқилмоқда. Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ғофуржон Жамолов раҳбарлигида соҳанинг тегишли мутасаддилари, шаҳар, туман ҳокимлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда Косонсой туманидаги “Олмазор” массиви, Янгиқўрғон туманидаги Қайроқи маҳалласи, Чортоқ туманидаги Чортоқсой қирғоқ бўйи, Чуст туманидаги “Резаксой” сув омбори ҳамда Поп туманидаги Чодак ҳудудларида амалга ошириладиган туризм йўналишидаги мастер режалар кўриб чиқилди. Ушбу туманларда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ишга туширилаётган лойиҳаларга ўхшаш аҳоли дам олиш масканлари ва туристик мажмуаларни ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Қолаверса, “Ўзбекистон Швейцарияси”, дея эътироф этиладиган Чортоқ тумани ҳудудида 10 та соғломлаштириш сиҳатгоҳи ва меҳмонхона барпо қилиш бўйича Россия Федерацияси ҳамда Хитой Халқ Республикасидан инвесторларни жалб қилиш жараёнлари муҳокама қилиниб, тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди.


Бундан ташқари, Чортоқ, Янгиқўрғон, Поп, Косонсой ва Чуст туманларининг ҳар бирига камида 50 миллион доллардан инвестицияларни жалб қилиш “пакети”ни шакллантириб, тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш, Наманган шаҳрида “24/7” туризм кўчаси ҳамда вилоятнинг ҳар бир туманида камида биттадан гастро ва хизмат кўрсатиш кўчалари ташкил этиш борасида кўрсатмалар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА