Бугунги кунда туризм дунё миқёсида етакчи тармоқлардан бирига айланган. Юртимизда ҳам айни соҳада жуда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги-янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро ва маҳаллий тадбирлар, соҳага оид таълим муассасалари ташкил этилиши фаолият ривожига ҳисса қўшмоқда.

Туристлар оқимини ошириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва туризм йўналишида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида Тошкент давлат иқтисодиёт университети Туризм ва меҳмонхона бизнеси кафедраси мудири, профессор Алишер ЭШТАЕВ билан суҳбатлашдик.

– Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 200 миллионга яқин киши туризм соҳасида меҳнат қилмоқда. Ундан тушаётган даромад 1 триллион АҚШ долларини ташкил этади, – дейди А.Эштаев. – Туристлар сони ҳар йили 4-5 фоиз кўпайиб, бошқа давлатларга сафар қилувчилар 1 миллиарддан ошади. Қолаверса, ҳозир дунёда яратилаётган ҳар 10 иш ўрнининг биттаси айнан туризм соҳаси ҳиссасига тўғри келмоқда. Туризмда топилган даромаднинг 30 фоизи одамларнинг қўлига иш ҳақи бўлиб боради, саноатда ва бошқа тармоқларда бу кўрсаткич 10 фоиздан ошмайди. 

Янги Ўзбекистонни барпо этишда туризм соҳасини ривожлантириш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йилнинг 7 февраль куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида ўтган йили туризм хизматлари экспорти 3,5 миллиард доллар бўлгани, лекин бу имкониятларимизга мос эмаслиги қайд этилди.

Масалан, Малайзия ва Индонезияда 7 миллионга яқин Нақшбандия тариқати издошлари бор. Улар Умрага боришдан олдин зиёратгоҳларимизга саёҳат қилишни истайди. Бу сайёҳларни Куала-Лумпур ёки Жакартадан Самарқанд ва Бухорога камида 2 кунга олиб келиб, кейин ўзимизнинг самолётда Умрага юбориш учун барча шароит мавжуд. Мутасаддиларга Малайзия ва Индонезия зиёратчилари учун “Умра плюс” турпакетини йўлга қўйиш топширилди.

Шаҳрисабзда “Оқсарой”, Хивада “Ичан қалъа”, Бухорода “Лаби ҳовуз”, Тошкентда “Янги Ўзбекистон” майдонлари бўлса-да, уларда концерт, кўргазма, форумлар ўтказиш бўйича режа қилинмагани кўрсатиб ўтилди. Юртимиздаги 6 та туристик марказда халқаро даражадаги санъаткорларнинг концертлари ташкил қилинса, меҳмонхона, ресторан, кафе, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сайёҳлар билан тўлиши таъкидланди. Шу муносабат билан мутасаддиларга камида 1 миллион туристни олиб келадиган концерт, бизнес форуми ва кўргазмалар ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, тўлиқ ўрганилмаган тарихий объектлар жуда кўплигини инобатга олиб, олимлар билан биргаликда жозибадор тарихий объектларни аниқлаш ва реставрация қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилгани алоҳида таъкидланди. 

Статистик маълумотларга эътибор қаратсак, хорижий туристлар сони 2017 йилда 2,7 миллион нафар бўлган, 2024 йилда эса 10,2 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган. Туристларнинг ўртача қолиш куни 7-8 кунни ташкил этиб, ўтган давр (2-3 кун)га нисбатан 3 бараварга ортган. Ҳар бир хорижий туристнинг республика ҳудудида бевосита саёҳат харажатларидан ташқари сарфлайдиган ўртача маблағ суммаси 2017 йилда 197 АҚШ долларини ташкил қилган, бу 2024 йилда 430 АҚШ долларига етди ва туризм экспорти ҳажми 2024 йилда 3,5 миллиард доллар бўлган.

– Маълумки, туризм соҳасини ривожланишига энг катта таъсир қилувчи омиллардан бири, бу кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ жараёндир. Хўш, бугунги кунда соҳада кадрлар тайёрлаш жараёни қай даражада ташкил қилинмоқда, муаммолар нимада, уларни ечиш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда? 

– Бугунги кунда мамлакатимизда 35 та давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари томонидан туризм соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда. Ушбу олий таълим муассасаларида 10000 дан ортиқ талаба ўқиб, уларга соҳага тегишли фанлар бўйича 400 га яқин профессор-ўқитувчи дарс бермоқда. Шунингдек, 50 дан ортиқ давлат ва нодавлат таълим муассасаларида ўрта бўғин учун кадрлар тайёрланади.

Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнида бир қатор муаммолар кўзга ташланмоқда, жумладан, таълим тизимини амалиётдан ажралиб қолганини кузатиш мумкин. Бунда нафақат туризм соҳасида таълим олаётган талаба ва ўқувчилар, балки айрим ҳолатларда профессор-ўқитувчилар асосан назарий билимлар билан чегараланиб қолаётгандек.

Бундан ташқари, меҳнат бозорида туризм соҳасида тайёрланаётган кадрларнинг иш билан таъминланганлик даражаси, уларга бўлган эҳтиёж даражаси ҳам эътибор қаратиш лозим бўлган масала ҳисобланади.

Бугунги кунда баъзи бир туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи таълим муассасаларида ўқув-амалий лабораторияларнинг мавжуд эмаслиги, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини амалиётга жорий этишда узилишлар мавжудлиги, айрим тадқиқот ишлари илмий янгиликлари амалиёт талабига жавоб бермаслиги ҳам кузатилади. 

Умуман олганда, бу каби муаммоларни бартараф этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 июлдаги “Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларида туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш уч йиллик таълим дастурлари асосида йўлга қўйилиши ва ўқув жараёни “блок модуль” тизимига асосланган дуал таълим шаклида ташкил этилиши белгиланди. Бунда ўқув жараёнларининг назарий ва амалий машғулотлар улушини, биринчи босқичда 80 фоиз назарий ва 20 фоиз амалий, иккинчи босқичда 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий, учинчи босқичда 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий бўлиши назарда тутилган.

Туризм соҳасининг бошқа соҳалардан фарқли жиҳатларидан бири назариянинг амалиёт билан интеграцияси кенг йўлга қўйилишидир. Кадрлар тайёрлаш жараёнида назарий машғулотлар қисқариб, амалий машғулотлар ўсиб бориши муҳим аҳамиятга эга.  Дуал таълим тизими асосида кадрлар тайёрлаш тизими Германия, Швейцария, Франция, Испания, Малайзия, БАА ва бир қатор ривожланган давлатларда кенг йўлга қўйилган. Қарорда туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида таълим жараёнини амалиёт билан бирга олиб бориш мақсадида уларнинг ҳудудларида амалиёт базаларини ташкил этиш, амалиёт базаларида кўрсатилган хизматлар учун фойда солиғи ушбу солиқ бўйича белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган ҳолда тўланиши қайд этилган. 

Ўрта бўғин кадрларини тайёрлашда халқаро даражада тан олинган таълим дастурларини “франшиза” асосида жорий этиш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳалари бўйича олий таълим дастурларини жаҳон рейтингида биринчи 100 таликка кирувчи нуфузли олий таълим муассасаларининг таълим дастурлари асосида қайта кўриб чиқиб, “Олий таълим муассасаларининг таълим йўналишлари ва мутахассислар классификатори”да кенгайтириш ҳамда унга пазандачилик соҳасида кадрлар тайёрлашга оид янги таълим йўналишини татбиқ этиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш белгиланди. Бу эса нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. 

Гастрономик туризмни ривожлантиришда пазандачилик муҳим аҳамиятга эга, аммо мамлакатимизда пазандачилик соҳаси бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилмаган. Масалан, Ирландиянинг Дублин технологиялар университетида бу соҳа бўйича кадрлар тайёрланади, амалиёт базаси мавжуд, у ерда талабалар тайёрлаган маҳсулотлар истеъмолчиларга тўғридан-тўғри сотилади ва тушган даромад талабаларга берилади.

Айрим олий таълим муассасаларимизда амалиёт базалари мавжуд эмас, талабалар фақат назарий билимларга таяниб тайёрланаётган эди. Қарорда белгиланган олий таълим муассасаларида туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида кадрларга бўлган буюртмаларни шакллантиришда йўналишларга оид амалиёт базалари мавжудлиги қатъий назоратга олиниши ушбу муаммонинг ечими бўлди. Қарорда шунингдек, араб, япон, хитой, ҳинд, испан, итальян, корейс, урду, индонез ва малай тилларида хизмат кўрсатувчи гид-таржимонларни тайёрлаш йўлга қўйилиши белгиланган. 

Қолаверса, туризм, сервис, меҳмонхона хўжалиги ва гид (гид-таржимон) тайёрлаш соҳасидаги таълим йўналишлари бўйича педагоглар учун ўрта ва қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш мақсадида туризм соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш маркази ташкил қилинадиган бўлди. Ҳозирги вақтда туризм ва меҳмонхона хўжалиги бўйича дарс берувчи профессор-ўқитувчи ва педагогларнинг соҳа бўйича малакасини ошириш тизими йўлга қўйилмаган, фақат педагогик маҳоратини ошириш бўйича курслар ташкил этилган, бу эса уларнинг касбий маҳорати ошиши, соҳадаги янгиликлар, ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлардан бохабар бўлишига хизмат қилмайди. Туризм соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилиши айни муддао ҳисобланади. 

– Етук кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, амалиёт билан интеграцияни йўлга қўйишда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида туризм йўналишида қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

– Тошкент давлат иқтисодиёт университетида туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, амалиёт билан интеграцияни йўлга қўйиш мақсадида таълим сиёсати ишлаб чиқилган. Бунга асосан Туризм қўмитасида туризм ва меҳмонхона бизнеси кафедрасининг филиали ташкил қилинган. Маърузалар соҳа мутахассислари томонидан олиб борилмоқда, ўқув режалари ва дастурларни иш берувчилар билан келишиш тизими йўлга қўйилган. Дуал таълим асосида кафедрада дарс бериш учун 7 нафар профессор-ўқитувчи жалб қилиниб, дарслар асосан амалиёт базаларида амалга оширилмоқда. Соҳадаги янгиликлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгаришлар билан таништириб бориш мақсадида ҳар ойда бир марта етук амалиётчи мутахассислар томонидан мастер-класслар ўтиш тизими йўлга қўйилган.

ЎзА мухбири

Абдулазиз РУСТАМОВ

 суҳбатлашди.

Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туристлар оқими, инфратузилма ва кадрлар салоҳиятини оширишнинг аҳамияти ҳамиша долзарб