“Турар жойингиз бузиладими ёки бузилмайди?”
Турар жойни нотурарга айлантиришдаги сунъий тўсиқлар....
Шундай замон бўлдики, тадбиркорлик қилиш учун барча имконият эшиклари ланг очилган. Хоҳласангиз уйингизда тадбиркорлик қилинг. Фақат, турар жойингизни нотурар бинога айлантириб, қонуний рухсат олган ҳолда бизнесингизни давом эттиринг. Кўпчилик тадбиркорларга шундай йўл тутиш мақбул ҳам бўлмоқда. Чунки, мақсад битта: тадбиркорлик қилиб бирни ўн қилиш, янги иш ўринлари бунёд этиб, оилалар фаровонлигини таъминлаш. Бироқ, ҳа деганда бу юмуш осон битавермас экан.
“Турар жой бузилади”. Масъулияти чекланган жамиятнинг мурожаатига Яккасарой туман қурилиш бўлими мутасаддилари худди шундай жавоб йўллашди. Хўш, мазкур мурожаатга берилган рад жавоби қонунийми?
2021 йил 5 августда Масъулияти чекланган жамият вакиллари Шайхонтоҳур тумани давлат хизматлари маркази орқали корхонага тегишли турар-жой биносини тўлалигича “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш” сифатида нотурар-жой тоифасига ўтказишга рухсат сўраб, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома олиш учун ариза ташлаган. Ваколатли идора мутасаддилари, яъни Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси Яккасарой тумани, Глинка кўчасида жойлашган Масъулияти чекланган жамиятга тегишли кўчмас мулк объектининг ҳужжатларини кўриб чиқиб, мазкур бино, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 9 декабрдаги 1734-сонли қарорига асосан, бузилишга мўлжалланган ҳудудда жойлашганлиги сабабли, ушбу масалани ижобий хал этиш имконияти йўқлиги важи билан рад жавобни берган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий Регламентининг 21-бандида ваколатли орган бино ва иншоотнинг деворлари режаси, кесими (мавжуд бўлса), фасад ва кадастр паспорти нусхалари келиб тушгандан сўнг тўрт иш куни мобайнида ушбу Регламентнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича QR-код (матрик штрихли код) қўйилган рухсатнома бериши ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда рухсатнома беришни рад этиши кўрсатилган.
Мазкур қонун бузилиши ҳолати юзасидан Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Яккасарой туман қурилиш бўлими масъул ходимига нисбатан жорий йилнинг 4 ноябрь куни МЖтКнинг 2155-моддасига асосан маъмурий жазо чораси қўлланилди.
Бироқ, қурилиш тизимидаги мутасаддиларга жазо чораси ҳам кор қилмади.
2021 йил 11 ноябрь куни Яккасарой тумани, Глинка кўчасида жойлашган турар жой биносини нотурар жой тоифасига қайта ихтисослаштириш учун Шайхонтоҳур тумани Давлат хизматлари маркази орқали қайта ариза йўллаганида ҳам Яккасарой туман қурилиш бўлими томонидан юқорида қайд этилган Регламент талабларига зид равишда “худди ўша мутасадди раҳбар” томонидан рад жавоби берилади.
Бу не ҳолат? Қизиқ, худди мушук сичқон ўйинидай....Тадбиркор, ариза ташлайди, мутасадди “ўйинг бузилади” қабилида рад жавоби қайтараверса... Ахир, мурожаат ташлаш ҳам текин эмаску, икки марта тадбиркорнинг чўнтагидан фалон сўми сарфланди ахир. Ғалати ҳолат эмасми?.... Балки, рухсат олишнинг бошқа йўллари бордир. Қачонгача хусусий мулк бузилади?
Ва ниҳоят мурожаатга такрор ва такрор ноқонуний ва асоссиз рад жавоби берилаётгани учун жорий йилнинг 30 ноябрь куни Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасига қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш берилганидан сўнг, тадбиркор фойдасига ижобий ечим топилди. Масъулияти чекланган жамиятга тегишли турар-жой биносини тўлалигича “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш” сифатида нотурар-жой тоифасига ўтказишга рухсат берилди.Табдиркор қўлига объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома тегди.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, қурилиш ва архитектура соҳасидаги амалдорлар Президент томонидан қўйилган олий мақсад тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилаш эканлигини ёки унутиб қўйганлар ёки шахсий манфаатларини халқ манфаатидан устун қўймоқдалар.
Хулоса ўзингиздан...
Ойбек ҲАКИМОВ,
Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси
етакчи маслаҳатчиси
ЎзА