Ҳозирги вақтда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талабаларни турар жой билан таъминлаш йўналишида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, бу бўйича навбатларнинг ҳамда ўқув йили бошланиши арафасида талабаларнинг турар жойсиз қолиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида маълумотлар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказда институтнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш бўлими мутахассислари, тюторлар ва волонтёрлар томонидан турар жойга муҳтож бўлган талабаларни ётоқхона ҳамда ижара уйлар билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам берилмоқда.
Институтда янги ўқув йили арафасида Нукус шаҳрида талаба-қизлар учун 1 минг 76 ўринли, ўғил талабалар учун 93 ўринли, Элликқалъа туманида 225 ўринли талабалар турар жойлари тайёр ҳолатга келтирилди. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида уч жойда – 100, 400 ва 362 ўринли талабалар турар жойи янги ўқув йилида талабаларни қабул қилмоқда. Шу билан бирга, институт атрофидаги маҳаллаларда 600 га яқин ижара уйларининг шароитлари ўрганилиб, янги ўқув йилига тайёрлаб қўйилди.
[gallery-24739]
Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги “Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида тасдиқланган регламентга мувофиқ, талабаларнинг ётоқхоналарга жойлашиш бўйича аризалари жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали қабул қилинмоқда. Регламент асосида дастлаб имтиёз ва устунликка эга номзодлар талабалар турар жойларига қабул қилинади.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, айни пайтда институтда талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб давлат-хусусий шериклик асосида смета-лойиҳа қиймати 31,5 миллиард сўм бўлган, 500 ўринга мўлжалланган 6 қаватдан иборат янги талабалар турар жойининг қурилиши ҳам бошлаб юборилган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари