Трамполин: Мамлакат чемпионлари аниқланди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида трамполин бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати энг маҳоратлиларни аниқлаш билан бирга, терма жамоага муносиб номзодларни саралаш вазифасини ҳам ўтади.
Уч кун давом этган мазкур мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан сараланган спортчилар иштирок этиб, кескин ва муросасиз баҳсларда ўз омадини синовдан ўтказишди.

Трамполиннинг 6 та йўналишида ўтказилган мусобақалар сарҳисобига кўра, синхрон сакраш дастурининг яккалик мусобақаларида Миршоҳид Ҳасанбоев ва Фарангиз Рўзиева мамлакат чемпиони деган номга сазовор бўлди.
Шунингдек, тегишли йўналишлардаги баҳсларда Саиднўмонхон Саидмаҳмудов, Аҳрор Абдуллаев, Муҳаммаддиёр Йўлдошев, Фарида Шерғозиева, Гавҳарой Маҳмуджонова, Руҳшона Равшанова, Лола Аҳмедова сингари спортчилар 1-ўринни эгаллади.

Чемпионатнинг жамоавий мусобақаларида Фарғона вилояти вакиллари эркаклар ўртасида, Наманган вилояти вакиллари эса аёллар баҳсида шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллади.
Т.Рўзиев, ЎзА