2025 йил октябрь ойида Дональд Трампнинг АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Ғазо бўйича 20 пунктли тинчлик режаси минтақада йирик дипломатик учқун сифатида намоён бўлди.
Режанинг биринчи босқичида Исроил ва ҲАМАС томонидан тўлиқ отишмани тўхтатиш, барча тутқунлар, асирларни алмашиш, Исроил қўшини белгиланган чизиққача чекиниши ва гуманитар ёрдам киритилиши кўзда тутилган.
Кеча Трамп эълон қилган баёнотда Исроил ва ҲАМАС биринчи босқични тасдиқлади. БМТ, Қатар ва Миср орқали йўлга қўйилган бу ташаббусни халқаро жамоатчилик эътибор билан кузатмоқда, аммо режанинг давомийлиги ва амалга ошириш механизми бўйича айрим шубҳалар бор.

Жараённи атрофлича муҳокама қилиш учун ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Равшан Ғозиев билан суҳбатлашди.
– Трампнинг Ғазо бўйича режаси амалга ошиши эҳтимоли қай даражада?
– Трампнинг Ғазо режаси фақат тинчлик ҳақидаги декларация эмас, балки АҚШнинг Яқин Шарқдаги нуфузини қайта тиклашга қаратилган сиёсий стратегиядир. Ҳужжатнинг асосий мазмуни – Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги отишмани тўхтатиш, гаровдагиларни озод қилиш, Исроил қўшинини белгиланган чизиққа қайтариш ҳамда Ғазода халқаро назоратчи миссияни ташкил этиш. “Reuters” ва AP ахборот агентликлари ёзишича, ҳар икки томон биринчи босқични амалга оширишга рози. Яъни, гуманитар ёрдам киритилиб, сув ва электр инфратузилмаси қайта тикланади, кучайган кескинлик вақтинча бўлса-да, пасайиши мумкин.
Шунга қарамай, режа ҳали сиёсий жиҳатдан синов босқичида. “The Guardian” ёзганидек, асосий муаммо – амалга ошириш механизми ва назоратчи кучларнинг ҳақиқий мустақиллигида. ҲАМАС ичида қуролсизланишга қарши радикал қанотлар бор, Исроилда эса мухолифат Трамп ташаббусини “амалдаги хавфсизликни заифлаштиради” дея баҳоламоқда. Шунинг учун ҳам бу лойиҳа тинчликнинг ҳақиқий кафолати эмас, балки синовига ўхшайди. Агар биринчи босқич самара берса, кейинги дипломатик қадамлар учун ишонч асоси яратилади. Акс ҳолда, яна бир “қоғоздаги битим” бўлиб қолаверади.
Ҳозирча халқаро жамоатчилик жараённи эҳтиёткорлик билан кузатмоқда. Қатар, Миср ва Туркия воситачи сифатида фаол, БМТ инсонпарварлик ёрдамини тезлаштириш учун махсус комиссия тайинлаган. Демак, умид билан хавф орасидаги дипломатик синов аён. Муваффақият фақат қуролни эмас, ишончсизликни ҳам йўқотиши лозим.
– ҲАМАС ва Исроилнинг вазиятга муносабати қандай?
– ҲАМАС ва Исроилнинг Трамп режасига муносабати бир-биридан кескин фарқ қилса-да, ҳар икки томон ҳозирча “синовчан ҳушёрлик” қарашини танлади. Бош вазир Биньямин Нетаньяху режани “тинчлик йўлидаги эҳтиёткор, аммо зарур қадам” деди. “Reuters” хабарига кўра, Исроил биринчи босқич – отишмани тўхтатиш ва гаровдагиларни алмашишга рози, аммо ҳар қандай сиёсий келишувдан олдин ҲАМАС қуролсизланишини “асосий шарт” сифатида қўйган. Нетаньяху ҳукуматининг ички мухолиф қаноти эса Трамп режасини Исроил хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрмоқда.
ҲАМАС томони ёндашуви эса бирмунча бошқача. Гуруҳ сиёсий раҳбарияти, жумладан Исмоил Ҳания ва Масрур Аз-Заҳор режанинг айрим бандлари – гаровдагиларни озод қилиш ва гуманитар ёрдам киритишни ижобий қабул қилса-да, “Ғазо ҳудудига халқаро назоратчи кучлар киритилиши” таклифини кескин рад этган. Улар айни бандни “суверенитетга аралашиш ва миллий муқаддас қадамларга босим” дея баҳоламоқда.
“The Guardian” таҳлилида таъкидланишича, ҲАМАС ичида ҳам фикр бирлиги йўқ – сиёсий қанот тинчлик музокарасини эҳтимолий имконият сифатида кўряпти, ҳарбий қанот эса қуролсизланиш қарорини ҳечам қабул қилмаяпти. Шу сабабли ҲАМАС раҳбарияти режага расман “йўқ” ёки “ҳа” демади. Бу вақтдан ютиш усулига ўхшаяпти.
Бундай икки ёқлама муносабат тинчлик жараёнини сусайтирадигандек. Зеро, Исроил хавфсизликни биринчи ўринга қўймоқда, ҲАМАС эса сиёсий мустақилликни йўқотишдан қўрқяпти. Қатар, Миср ва Туркия – воситачи, БМТ режа бажарилишини назорат қилиш учун махсус мониторинг гуруҳи тузмоқда.
Аслида, режа фақат расмий имзолар билан эмас, балки халқлар онгидаги ишонч билан амалга ошади. Исроилда асирларнинг оилалари отишмани тўхтатиш тарафдори, Ғазо аҳли эса жараённинг ҳақиқийлигидан шубҳада. Фикримча, Трампнинг режаси тинчликка интилишни синовдан ўтказувчи дипломатик жараён.
– Режани амалга оширишда халқаро жамоатчилик ва араб давлатларининг ўрни қандай?
–Режанинг муваффақияти, шубҳасиз, фақат Исроил ва ҲАМАС хоҳишига эмас, балки халқаро жамоатчиликнинг бирлашган ҳаракатига боғлиқ. Ҳозир уч асосий дипломатик марказ жараёнда фаол: Қатар, Миср ва БМТ. “Reuters” ва AP маълумотига кўра, айнан Қатар бу келишувнинг “асосий воситачи”си сифатида ҳаракат қиляпти– гаровдагиларни алмашиш, гуманитар ёрдамни ташкил этиш ва икки томон ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш бўйича дипломатик каналлар шу ердан бошқариляпти.
Миср эса тарихий ва географик омил туфайли анъанавий тарзда ҳал қилувчи ўрин эгаллаган. Қоҳира расмийлари Исроил хавфсизлик хизмати ва ҲАМАС сиёсий қаноти билан алоҳида мулоқот юритиб, отишмани назорат қилиш ҳамда чегара орқали ёрдам киритишни мувофиқлаштирмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса, ўз навбатида, “Ғазо режаси инсонпарварлик нуқтаи назаридан қўллаб-қувватланиши шарт” дея таъкидлади ва халқаро донорлар орқали ёрдамни тезлаштириш ташаббусини илгари сурди.
Араб давлатлари қараши ҳам ўзгарувчан. Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари дипломатик жиҳатдан Трамп режасини эҳтиёткорлик билан қўллаб-қувватлаяпти. Уларнинг манфаати, асосан, минтақадаги иқтисодий барқарорлик ва АҚШ билан муносабат мувозанатига боғлиқ. Туркия ҳам жуда фаол. Анқара инсонпарварлик тамойилига мос келса, режани амалий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
Шу нуқтаи назардан бу режа халқаро ҳамкорлик учун янги сиёсий майдон яратмоқда. Бир вақтнинг ўзида Америка дипломатияси минтақадаги таъсирини тиклашга уринмоқда, араб давлатлари ҳам ўз манфаатини ҳимоя қиляпти. Агар шу мувозанат тўғри сақланса, режа муваффақият қозониши мумкин. Мабодо, халқаро шериклар орасида сиёсий рақобат кучайса, бу ташаббус ҳам навбатдаги “йирик дипломатик ният” сифатида қолиб кетавериши эҳтимоли бор.
Хулоса шуки, бугун дипломатлар ва воситачи давлатлар Трамп режасининг ҳақиқий “ишчи кучи” сифатида майдонга чиққан. Улар бир томондан тинчликка умид уйғотмоқда, иккинчи томондан эса ҳар қандай нотинч қадам бутун жараённи издан чиқариши мумкинлигини яхши англамоқда.
– Сизнингча, Ғазода ҳақиқий тинчлик таъминланадими ёки яна бир навбатдаги муваққат келишув юзага келадими?
– Бу савол, аслида, бугун бутун дунё жамоатчилигини ҳам безовта қиляпти. Трамп режаси муҳим дипломатик қадам, албатта. Фақат бу ерда бир неча жиҳатга эътиборр қаратиш лозим. Биринчидан, режа ҳали ҳақиқий тинчлик, дегани эмас, тинчликка уринишдир. Қуроллар сукут сақласа ҳам, ишонч қайта тикланмас экан, барқарорлик узоқ чўзилмайди. Иккинчидан, тинчлик фақат сиёсий элиталар музокарасида эмас, балки жамиятлар онгида, халқлар иродасида қарор топади. Ғазо йиллар давомида зўравонлик, иҳоталаниш ва қашшоқликда яшаяпти. Аҳоли учун тинчлик – декларация эмас, ҳақиқий турмуш шароити, эркин ҳаракат, иш ва хавфсизлик.
Учинчидан, ҳар қандай битимнинг кучли ва заиф нуқталари бор. Бу режанинг кучли томони – илк бор АҚШ, Қатар, Миср, Туркия, БМТ ва Европа Иттифоқи каби томонларни бир даврага жамлади. Заиф томони эса сиёсий кафолат ноаниқлиги билан боғлиқ. ҲАМАСнинг келгуси роли, Ғазо ҳудудини бошқариш тартиби ва Исроил хавфсизлик сиёсатидаги ўзгаришлар мазмуни ҳамон сўроқ остида.
Шахсий фикримча, режа ҳақиқий тинчликка йўл очиши мумкин. Фақат ният амалга ошиши учун қуролсизланишдан ҳам муҳимроғи – ўзаро ишонч юзага келиши. Агар ҳар икки томон ўтмиш яраларини қирқ йиллик нафрат орқали эмас, келажак синови орқали кўра бошласа, Трамп режаси тарихда “навбатдаги келишув” эмас, балки ҳақиқий бурилиш сифатида қолиши мумкин.
Шуни ҳам унутмаслик керак: тинчлик ҳеч қачон бир етакчи ёки бир режанинг ютуғи бўлмайди, балки бутун инсониятнинг иродаси, маънавий масъулияти натижаси сифатида намоён бўлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА