Трамп йирик нефть компанияларини огоҳлантирди
АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатдаги бензин сотувчилари олдига ёнилғи нархини зудлик билан пасайтириш талабини қўйиб, акс ҳолда уларни жиддий ҳуқуқий оқибат кутишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Reuters” ёзган.
Америка етакчиси ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали жаҳон бозорида хом ашё арзонлашиб, бир баррель нефть 68 долларни ташкил этаётган бир пайт ички бозорда чакана қиймат сунъий равишда юқори сақлаб турилганини қоралади. Унинг таъкидлашича, нархни асоссиз ошириш мутлақо ноқонуний, вазиятни тезкор тузатмайдиган сотувчиларга нисбатан қатъий чора кўрилади.
Президент фикрича, АҚШда бензиннинг адолатли баҳоси бир галлон – тахминан 3,785 литр учун 2,50 доллар атрофида бўлиши керак. Шунингдек, Калифорния штатида ёнилғи солиғини камайтириш зарур.
Аввалроқ Оқ уй раҳбари мамлакатда бензин баҳоси тушмаётгани юзасидан текширув бошлангани, бу жараёнга “Exxon Mobil”, “Chevron”, “Shell” ҳамда BP каби йирик нефть корпорациялари жалб этилишини маълум қилган эди.
Энди ушбу компаниялар нархни қасддан манипуляция қилиш оқибатидан яна бир бор огоҳлантирилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА