“Тоза спорт” тамойилларига амал қилиш — муваффақият омили
Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун талаблари, шунингдек, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан ишлаб чиқилган кодексдаги энг сўнгги ўзгаришларга бағишланган ўқув семинар ташкил этилди.
Семинар машғулотларида миллий ва халқаро даражадаги қонунчилик, хусусан спорт соҳасини тартибга солувчи ҳужжатлар ҳамда антидопинг тизимидаги сўнгги янгиликлар юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги етакчи мутахассиси, "Париж-2024" Олимпия ўйинлари ҳамда бир қатор йирик спорт мусобақаларида допинг офицери сифатида назорат ишларини олиб борган Аъзамжон Солиев ишлаб чиқилган антидопинг қоидалари, спортчиларнинг терапевтик истиснолардан фойдаланиш тамойиллари, мамлакатимизда профессионал спортчиларни тайёрлашнинг илғор тажрибалари кенг жорий этилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Спортчи ва мураббийларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Семинар давомида мутахассислар томонидан берилган тавсиялар орқали терма жамоа аъзолари ўз фаолиятида қонунийлик ва “тоза спорт” тамойилларига қатъий амал қилиш зарурлигини яна бир бор англаб етишди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА