Тошкентда туркий давлатлар космик ҳамкорликни муҳокама қилди (+видео)
Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо ва кузатувчи давлатлар космик агентликлари ҳамда ваколатли идоралари раҳбарларининг 5-йиғилиши ташкил этилди. Мазкур тадбир “Space Technology Conference – 2026” халқаро анжумани доирасида ўтказилиб, космик технологиялар соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилди.
Ҳозирги кунда глобал космик иқтисодиётнинг ҳажми 500 миллиард АҚШ долларидан ошган бўлиб, 2030 йилга келиб 1 триллион долларга етиши прогноз қилинаётгани эътиборга сазовордир. Шу боис, ТДТга аъзо давлатлар учун космик технологияларни ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга бўлмоқда. Аъзо давлатлар умумий ҳисобда 170 миллиондан ортиқ аҳоли ва кенг географик ҳудудни қамраб олади, бу эса космик хизматлар, хусусан ер кузатуви, алоқа ва навигация технологияларини ривожлантиришда катта имкониятлар яратади.
Йиғилишда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистондан космик соҳалар раҳбарлари, шунингдек кузатувчи давлатлар: Венгрия, Туркманистон ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида сўнгги йилларда эришилган натижалар сарҳисоб қилинди ва истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
[gallery-28454]
Хусусан, ТДТ доирасида амалга оширилаётган қўшма ташаббуслардан бири — технологик сунъий йўлдош яратиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Бу лойиҳа орқали аъзо давлатлар ўртасида технологик трансфер йўлга қўйилади, илмий-тадқиқот салоҳияти бирлаштирилади ва ёш мутахассислар тайёрланади.
Сўнгги йилларда ТДТ мамлакатлари космик соҳада муҳим натижаларга эришди. Масалан, Туркия ва Қозоғистон ер кузатуви сунъий йўлдошларини орбитага чиқарди, Озарбайжон телекоммуникация йўлдошлари орқали халқаро хизматлар кўрсатмоқда, Ўзбекистонда эса космик мониторинг асосида ер ва сув ресурсларини бошқариш, экология, геология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур тадбир ТДТ доирасида космик сиёсатни мувофиқлаштириш, қўшма инфратузилмаларни шакллантириш ва минтақавий космик экотизимни яратиш йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/QX2FsA3avw8?si=6Ub2bRxd0Cm9QyqY" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Д.Ёқубов (видео),
С.Обиджонов(монтаж),
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА